Кейинги йилларда Ўзбекистон – АҚШ савдо-иқтисодий муносабатлари кўлами тобора кенгайиб бормоқда.
Ўзбекистондаги “BMB Holding” холдинг компанияси Кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов АҚШнинг Фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Жонатан Хеник билан учрашди. Унда америкалик дипломатлар “BMB Holding”нинг кенг кўламли фаолияти, Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим тармоқларида амалга ошираётган экспортга йўналтирилган йирик инвестициявий лойиҳалари тақдимоти билан танишди.
Хусусан, “BMB Holding” АҚШнинг “McCormick Global Ingredients Ltd” компанияси билан ўзбек заъфаронини АҚШ бозорига экспорт қилиш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилиб келаётганлиги таъкидланди. АҚШнинг энг йирик гипермаркетлар тармоқларидан бири бўлган “COSTCO” компанияси бошқарув кенгаши вакилининг “BMB Holding” корхоналарига ташрифи ҳамда ўзбек заъфарони, заъфарондан тайёрланган қўшилган қийматга эга маҳсулотларни Америка бозорларига, хусусан, “COSTCO” гипермаркетлар тармоғига етказиб бериш борасида келишувга эришилди.
Ўзаро ҳамкорлик алоқаларининг давоми сифатида жорий йилнинг иккинчи чорагида “BMB Holding” делегациясининг АҚШга ишчи ташрифи ташкил этилишига ҳам келишиб олинди.
Агрологистика мажмуасининг фаолияти, унинг қуввати, экспорт салоҳияти ва жуғрофияси, хизмат турлари, шунингдек, яратилган бошқа имконият ва шароитлари ҳақида сўз кетганда, ушбу замонавий агрологистика комплексини ташкил этиш лойиҳасининг умумий қиймати 57 миллион 700 минг АҚШ долларини ташкил этиб, комплекс учта модулдан иборатдир. Уларнинг ҳар бирида йилига 270 минг тоннагача қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш қуввати мавжуд. Лойиҳани амалга ошириш учун Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманидан 40 гектар ер майдони ажратилган. Барча режалаштирилган модулларнинг умумий айланма қуввати йилига 810 минг тоннани ташкил этади.
Шунингдек, хорижлик ишбилармонлар айнан шу туманда барпо этилаётган яна бир йирик инвестицион лойиҳа – “BMB Agro Plus” корхонаси фаолияти билан ҳам танишди. “BMB Holding” тасарруфидаги мева-сабзавотчилик ва озиқ-овқат кластерларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдан чуқур қайта ишлашгача бўлган тўлиқ занжирни ташкил этиш, шунингдек, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда Европа мамлакатларига экспорт қилиш мақсадида “BMB Agro Plus” корхонасининг биринчи босқичи май ойида ишга туширилиши режалаштирилган.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари