Шу кунларда Швейцариянинг Давос шаҳрида Жаҳон иқтисодий анжумани (World Economic Forum) бўлиб ўтмоқда. Тадбир давлат-хусусий ҳамкорлик халқаро ташкилоти форматида ташкиллаштирилган.
Тарихга назар
1971 йил январь ойида Женева университети профессори Клаус Шваб жаҳон бозорида Европа бизнесининг ривожланиш истиқболларини муҳокама қилиш учун Швейцариядаги етакчи ишбилармонлар ва сиёсатчиларни биринчи марта тўплаганидан бошланган. Мазкур анжуман тарихи айни шу кундан бошланган. Дастлаб бундай йиллик йиғилишлар “Европа менежменти форуми” деб номланган ва форум иштирокчилари доираси ғарбий европаликлар билан чекланган эди. Йиллар давомида мавзулар аста-секин кенгайиб, сиёсий ва иқтисодий масалаларни, илмий-техникавий тараққиёт натижаларини, ривожланаётган мамлакатларнинг қарз муаммоларини қамрай бошлади.
1974 йил январь ойида биринчи марта Давосга сиёсий раҳбарлар ҳам таклиф қилинди. 1976 йилга келиб эса форум илк бор доимий аъзолик тизимини жорий қилди. Орадан ўн йилдан кўпроқ вақт ўтиб, аниқроғи 1987 йилдан бошлаб йиғилишлар Жаҳон Иқтисодий Форуми, деб номланди. Бу шубҳасиз анжуманнинг ортиб бораётган глобал аҳамиятини акс эттира бошлаганидан далолат эди.
Ҳамкорлар ҳақида
Жаҳон иқтисодий форумининг ҳамкорлари жаҳоннинг етакчи компаниялари ҳисобланади. Асосий ҳамкорлар қаторига ABB, Nestlé, Barclays, Credit Suisse, Deloitte, Deutsche Bank ва Google каби 100 га яқин йирик трансмиллий корпорацияларнинг танланган гуруҳи киради. Улар кун тартибини белгилайди ва молиялаштиришнинг асосий қисми шулар ҳиссасига тўғри келади. Форумнинг асосчиси ва доимий раҳбари Женева университети профессори Клаус Швабдир. Ташкилотнинг бош қароргоҳи Женевада жойлашган.
Анжуманнинг асосий воқеалари анъанавий равишда Давос тоғ-чанғи курортида ўтказиладиган йиллик йиғилишлардан бошланади.
Кўриладиган масалалар
Давос форумида замонамизнинг асосий масалалари, иқтисодий ривожланиш истиқболлари, барқарорлик ва тинчликни мустаҳкамлаш, “қайноқ нуқталар”даги вазият норасмий шароитда муҳокама қилиниб келинади. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, анжуман анчайин мураккаб ташкилий ва бошқарув тузилмага эга. Васийлик кенгаши форумнинг миссияси ва қадриятларининг қўриқчиси бўлиб хизмат қилади. Унинг таркиби ишбилармон доиралар вакиллари ҳамда халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти раҳбарлари ўртасида тенг тақсимланган. Васийлик кенгашини ҳам Клаус Шваб бошқаради.
Форум президенти Борге Бренде раислик қиладиган Кенгаш Бутунжаҳон иқтисодий форумининг ижро этувчи органи сифатида фаолият юритмоқда. Кенгаш форум учун жамоавий жавобгарликка эга ва Васийлик кенгашига ҳисобот беради.
Фаолият бошқаруви 60 дан ортиқ давлат вакилларини ўз ичига олган ижроия қўмита томонидан амалга оширилади.
WEF тузилмаси учта марказдан, яъни, глобал, минтақавий ва тармоқ кун тартибидан иборат. Ташкилот шунингдек, санъат ва маданият, фуқаролик жамияти, университет раҳбарларининг глобал форуми, коррупцияга қарши ҳамкорлик ташаббуси, жаҳон ёш лидерлари форуми ва бошқаларни ўз ичига олади.
Ҳар йили мазкур ташкилот “Глобал таҳдидлар ҳақидаги маъруза” (The Global Risks Report), “Глобал гендер тенгсизлиги” (The Global Gender Gap Report), “Глобал таҳдидлар” (Global Risks Report) ва бошқа бир қатор масалаларда ҳисоботлар ва рейтингларни эълон қилиб келади.
2022 йилнинг март ойида Давос форуми Россия ташкилотлари билан муносабатларни “музлатди”.
CОВИД-19 чекловлари бекор қилингандан сўнг
2023 йил 16-23 январь кунлари CОВИД-19 пандемияси туфайли икки йиллик чекловлардан кейин Жаҳон иқтисодий форуми яна анъанавий форматга қайтган эди. Ушбу тадбир энг кўп сиёсатчилар ва ишбилармонлар иштирок этгани билан тарихда қоладиган бўлди. Мисол учун меҳмонлар таркибида 50 нафар ҳукумат раҳбари, 56 нафар молия вазири, 19 нафар марказий банк раҳбари ва 35 нафар ташқи ишлар вазирлари бор эди.
Форумда АҚШ президенти Жозеф Байден маъмуриятидан иқлим кун тартиби учун масъул Жон Керри ва АҚШ Савдо вакили Кетрин Тай иштирок этди. Хитой Давлат кенгаши бош вазири ўринбосари Лю Хе бошчилигидаги делегацияни юборди. Бундан ташқари, Жаҳон иқтисодий анжумани қатнашчилари орасида Халқаро валюта жамғармаси раҳбари Кристалина Георгиева, Европа Марказий банки раиси Кристин Лагард ва Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Леен ҳам бор эди.
Генри Киссинжернинг нутқи асосий ҳисобланган мазкур форумда марказий ўринни эгаллаган сиёсий мавзулардан ташқари, иштирокчилар 2022 йилда жаҳон иқтисодиётига у ёки бу тарзда таъсир кўрсатган воқеалар, масалан, энергия инқирози ва унга қарши санкцияларни муҳокама қилдилар. Муҳокамада Россия, Хитойда пандемиянинг авж олиши ҳамда Хитой иқтисодиёти ўсишининг секинлашуви, энергия ресурслари ва хомашё бозорларини қайта форматлаш каби масалалар ҳам жой олган эди.
Маълумки, сўнгги йилларда турли халқаро тадбирларда мунтазам равишда иқлим ва демографик муаммолар ҳам муҳокама қилинмоқда. Давос анжумани ҳам бундан мустасно эмас, албатта. 2024 йил 15-19 январь кунлари “Ишончни тиклаш”га бағишланадиган бу галги Жаҳон иқтисодий форумида мазкур масала ҳам кўтарилиши кутилмоқда.
С.Раҳимов, ЎзA