Гаага судига тақдим этилган суратлар орасида “Anadolu” фотомухбири Мустафо Харуф томонидан 2023 йил 9 октябрь куни туширилган расм алоҳида ажралиб туради. У олган суратларда артиллерия снарядларида ёзилган кодлар, уларнинг фосфорли бомба эканлиги акс этади.
Мустафо Харуф “Anadolu”га фотосурат билан боғлиқ ҳикояни сўзлаб берган. Унинг таъкидлашича, ҳар бир артиллерия ўқлари ёки ракета отилаётганда болалар, аёллар ёки қариялар ҳалок бўлаётгандек туюлади.
Вазиятни “ҳаётимдаги энг ёмон даврлардан бири”, -деб таърифлаган Харуф: “Баъзида гўзал суратни туширасан ва маълум бир лаҳзани суратга олганингдан фахрланасан. Аммо олаётган суратинг бутун бир оиланинг вайрон бўлиши, бирон бир одамнинг ўлдирилиши акс этган фотосуратлар деб ўйлаганингда, киши ўзини жуда ёмон ҳис қилади”- дейди.
У воқеалар бошланган куни Ғазо чегарасидаги тўқнашув зоналарига биринчилардан бўлиб кирган журналист эканлигини айтиб, фаластинликларга қарши фосфорли бомба қўллангани исботи сифатида тақдим этилган суратни қандай олганини қуйидагича тасвирлайди:
«Биз ҳарбий зоналардан бирига келганимизда, дастлаб бизни ичкарига киритишмади. Исроиллик журналистлар ҳам биз билан бирга эди, узоқ музокаралардан сўнг бизга ҳудудга кириб, суратга олишга рухсат беришди. Мен бу жойни ҳар томондан, иложи борича ҳужжатлаштирдим, чунки, кейинчалик бу ерга қайта келиб, суратга олишим мумкин эмаслигини билардим. Шундай қилиб, мен ҳар бир тафсилотни суратга олдим. Мен олган фотосурат кейинчалик халқаро инсон ҳуқуқлари платформаларида ишлатилгани ва Исроил фосфор бомбаларидан фойдаланганлигининг исботи сифатида тақдим этилгани мени ҳайратда қолдирди».
Эсингизда бўлса, 15 декабрь куни Исроил аскарлари Шарқий Қуддусда “Anadolu” фотомухбирини калтаклаган фото ва видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалган эди. Ўша сиз тасвирларда кўрган, Исроил полициячилари томонидан калтакланган мухбир Мустафо Харуф эди.
Ўша куни бир гуруҳ фаластинликлар Ал-Ақсо масжиди яқинидаги кўчада намоз ўқиш учун йиғилган эди. Чунки Исроил томонидан Ал-Ақсода жума намозларини ўқишга чекловлар киритилган эди. Шу жараёнларни суратга олаётган Мустафога Исроил полициячилари қурол ўқталган ва калтаклашган эди.
Шу воқеалар асносида “Anadolu” Исроилнинг Ғазода содир этган жиноятларини аниқ очиб берувчи ва асосий далил бўлган тасвирларни ўз ичига олган “Далил” номли китобни нашр этди. Аксарият давлатлар, айниқса, Ғарб давлатлари, аёллар ва болалар ўлимлари билан якунланаётган Исроил ҳужумлари ҳақида сукут сақлаган бўлса, баъзи давлатлар эса қирғинлар бўлаётганини исботловчи “етарли далиллар” йўқлигини айтган.
Ушбу айбловларга жавобан “Anadolu” агентлиги халқаро ҳуқуқда далил бўлиши учун ҳужумларнинг бошиданоқ муҳим вазифаларни ўз зиммасига олган фотожурналистлар ва операторларнинг фотосуратларини нашр этишга қарор қилди.
Ушбу китоб мутахассислар гуруҳи томонидан турк, инглиз ва араб тилларида тайёрланган. Китобда Ғазонинг тинч аҳолиси зич жойлашган ҳудудларида Исроил армияси томонидан қўлланган оқ фосфорли снарядларнинг фотосуратлари ҳам ўрин олган.