Рио-де-Жанейро суди Эдналдо Родригесни Бразилия футбол конфедерацияси президенти лавозимидан озод этиб, Хосе Пердисни вақтинчалик президент этиб тайинлаши ортидан ФИФА ва Жанубий Америка футбол конфедерацияси (КОНМEБОЛ) “ташқи аралашув” сабабли Бразилияни ўз тизимидаги тадбирлардан, жумладан футбол мусобақаларидан четлатиш чорасини кўришини эълон қилган, дея хабар тарқатди Бразилияда фаолият юритадиган UOL нашри.
ФИФА ва КОНМEБОЛ вазиятга ойдинлик киритиш, “ташқи аралашув” ҳолатини ўрганиш ва ечим топиш учун 2024 йилнинг 8 январида Рио-де-Жанейрога вакилларини юборади. Бразилияга келадиган халқаро футбол мутахассислари Бразилия футбол конфедерацияси теграсида юз бераётган воқеаларга ойдинлик киритиши лозим бўлади.
Текширув ва таҳлиллар ҳолатида ҳукумат аралашуви юз берганлиги тасдиқланса, футбол бўйича Бразилия терма жамоалари халқаро мусобақаларда қатнаша олмаслиги мумкин.
Айтиш лозимки, худди шундай вазият Мали, Зимбабве, Шри-Ланка ва Кения футбол ташкилотларида ҳам рўй берганди.
Бразилия жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг муваффақиятли терма жамоа ҳисобланади. Ушбу жамоа ҳозирда 2026 йилги Жаҳон чемпионати учун ўтадиган Шимолий Америка саралаш турнирлари ҳамда 2024 йили АҚШда бўлиб ўтадиган Америка кубоги учун ўтадиган саралаш баҳсларига ҳозирлик кўрмоқда. Мамлакат футбол клублари эса 2024 йил февраль ойидан бошланадиган Либертадорес ва Америка кубоги мусобақаларида иштирок этиши лозим.
ФИФА ва КОНМEБОЛ томонидан Бразилияга чекловлар жорий этилиши эса вазиятнинг чигаллашишига олиб келиши мумкин.
Т. Рўзиев, ЎзА