Самарқанд шаҳрида шахматнинг рапид ва блиц йўналишлари бўйича жаҳон чемпионати давом этмоқда.
Кеча умумий мукофот жамғармаси бир миллион АҚШ долларини ташкил қилувчи мусобақанинг 5 та тур учрашувлари ўтказилди. Амалдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсен кечаги кун натижаларига кўра 5 имкониятдан 4,5 очко жамғариб, турнир жадвалида қўшимча кўрсаткичларга кўра пешқадамлик қилмоқда.
Ҳиндистонликар Аржун Эргаиси, Видит Сантош, хитойлик Ю Янг Йи ва болгариялик Иван Чепаринов ҳисобида ҳам 4,5 тадан очко бор. Бугун шахматнинг ушбу йўналишида 4 та учрашув бўлиб ўтади. 6-турда Магнус Карлсен биринчи доскада қора доналарда Видитга қарши баҳс олиб боради. Иккинчи доскада Аржун ва Ю Янг Йи тўқнаш келади.
Ҳамюртларимиз орасидан ҳозирча энг яхши натижага Нодирбек Ёқуббоев эга бўлиб турибди. У 3,5 очко билан қўшимча коэффициентларга кўра 31-поғонадан жой олган. Бугун Ёқуббоев 6-турни оқ доналарда ҳиндистонлик Ниҳал Саринга қарши ўтказади. Беш имкониятдан 3 очко тўплаган Нодирбек Абдусатторов 6-турда қора доналарда бельгиялик Даниэль Дарда билан ҳисоб-китоб қилади.
Бугун аёллар ҳам рапид йўналишида 4 та турда муносабатларига ойдинлик киритиб олишади. Қизларимиз орасида энг яхши натижа қайд этиб турган Умида Омонова (2331) 5-турда қора доналарда FIDE байроғи остида ўйнаётган россиялик Анастасия Бондарук (2265) билан тўқнаш келади. Ҳар икки шахматчи 4 имкониятдан 3,5 тадан очко жамғарган. Анастасия қўшимча кўрсаткичларга кўра учинчи, Умида эса бешинчи ўринни эгаллаб турибди.
Мусобақалар давом этмоқда.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА