Якунланаётган йил давомида бутун дунё бўйлаб минглаб иснонлар, жумладан, иқлим ўзгариши билан боғлиқ табиий офатлар қурбонига ҳам айланди. Хусусан, сув тошқини туфайли ўлим, вайронагарчилик ҳолатлари кўплаб мамлакатларда содир бўлди.

Об-ҳаво номутаносиблиги, карбонат ангидрид чиқиндиси кўпайиши ва бошқа турли экологик омиллар ёғингарчилик ортидан катта тошқинларни келтириб чиқарди. Натижада аҳоли манзиллари, экин майдонлари мислсиз зарар кўрди.

Йилнинг энг даҳшатли тошқини Ливияда кузатилди

10 сентябрь куни Ливия шимоли-шарқига етиб келган кучли “Даниэль” циклони Ўрта ер денгизи соҳилидаги Бинғози, Aл-Байда, Aл-Марж, Соуса ва Дерна шаҳарларига кучли шамол, момақалдироқ ва ёмғир олиб келди. Табиий офат 4 300 кишининг ҳаётига нуқта қўйди. 40 минг киши, жумладан, камида 17 минг бола ички қочқинга айланди. Мамлакат шарқидаги селдан жабрланган ҳудудларда инфратузилманинг 70 фоизи шикастланди. Таълим муассасаларининг 95 фоизи зарар кўриб, дарс 10 кунга тўхтатилди. Расмийлар табиий офат туфайли ҳалок бўлганлар хотирасига уч кунлик мотам эълон қилди.

Тўфондан энг кўп Дерна шаҳри жабр кўрди.

Ливияда 1973-1977 йилларда тошқинни назорат қилиш ва қишлоқ хўжалигини суғориш мақсадида қурилган 23 миллион куб метр сиғимли Бумансур ва 1,5 миллион куб метрлик Ал-Билод тўғонлари емирилиб, Дернани сув босди. Жасадлар шаҳар вайроналари остида парчаланиши, оқова ва ичимлик суви қоришиб кетиши эпидемик касалликлар хавфини юзага чиқарди.

Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) Ливияда сув тошқинидан жабрланган шаҳарларда 40 мингга яқин одам уйини ташлаб кетишга мажбур бўлганини маълум қилди.

Миллий бирлик ҳукумати вакили Муҳаммад Ҳаммуда ёғингарчилик миқдори сўнгги 40 йил ичида энг кўп бўлганини айтди. “World Weather Attribution” халқаро ташаббуси томонидан чоп этилган ҳисоботга кўра, техноген иқлим ўзгариши Ливияда сув тошқини эҳтимолини 50 баробар оширган.

Конго Демократик Республикасидаги тошқин юзлаб одамлар умрига зомин бўлди

Конго Демократик Республикаси шарқидаги Жанубий Киву вилоятида май ойида кучли ёмғир ва тошқин 438 кишининг ҳаётдан олиб кетди. Расмийлар табиий офат қурбонлари хотирасига миллий мотам эълон қилди.

Шимолий Киву музофотидаги конлардан бирида 100 дан зиёд ишчи кўчки остида қолди.

Греция ҳам кучли ёмғирдан зарар кўрди

Грецияда 5 сентябрь куни кучли ёмғир оқибатида юзага келган тошқинда 17 киши ҳалок бўлди.

Электр узилиши туфайли табиий офат ҳудудида алоқа йўқолди ва қутқарувчилар одамларни пуфлама қайиқда эвакуация қилишди. Энг кўп зарар кўрган шаҳар – Волосда юз минглаб гектар ерни сув босди. Довул ва бўрон минглаб инсонларни бошпанасидан жудо қилди.

Хитой

Aвгусть ойида Хитой шимолидаги Хэбей музофотида “Доксури” тўфони сабаб сув қоплаган ҳудуддан 1,2 миллион киши кўчирилди.

Пойтахт Пекин ва Тяньцзинь шаҳрини ўраб турган Хэбейда сув билан курашиш учун 8 та ҳавза ва турли ўлчамдаги 155 та сув омбори барпо этилган.

Сентябрь ойида мамлакат жанубидаги Гуандун провинциясида ҳам кучли ёмғир ва тошқин кузатилган эди. Вилоят ҳокимияти сув тошган пайт фермадан қочган 70 дан ортиқ тимсоҳни қидириш амалиётини бошлаган.

Африка – Малави, Сомали

Aфрика жануби-шарқида содир бўлган “Фредди” тўфони туфайли Малавида мингдан кўп одам ҳалок бўлди.

Иқлим ўзгариши натижасида юзага келган вайронагарчилик уй, кўприк, мактаб ва иш жойларини вайрон қилди, йўл, электр узатиш тизимини бузди, қишлоқ хўжалиги экинзорларини пайхон қилди. Мамлакатда ярим миллиондан зиёд киши уйини ташлаб кетишга мажбур бўлди. Сув тошқини ва кўчкига сабаб бўлган довул оқибатида 499 инсон қурбон бўлди, 1332 киши жароҳатланди.

Aпрель ойида Сомали жанубида сув тошқини 460 минг кишининг турмушини издан чиқарди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти табиат ҳодисасидан зарар кўрган минтақада вабо ва безгак тарқалишидан хавотирланиб, шошилинч ёрдам сўралган мурожаатни эълон қилди.

БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФAО) Шабель дарёси сўнгги 30 йилда энг кўп тошгани, Беледвейн шаҳрининг 79 фоизи сув остида қолганини таъкидлади.

Муссон ёмғири минглаб одамлар ҳаётига салбий таъсир кўрсатди

Aвгуст ойида Мьянмда муссон ёмғири сабаб бўлган тошқин туфайли 60 мингга яқин одам уйини ташлаб чиқишга мажбур бўлди.

Кучли сув оқими мамлакатнинг бир неча минтақаси, жумладан Кокс-Бозор, Чаттограм, Бандарбон ва Рангаматида камида 1,2 миллион аҳолига зарар етказди.

Жанубий Осиё

Покистонда июнь ойи охирида бошланган муссон ёмғири билан боғлиқ офат, бахтсиз ҳодисалар 215 кишининг ёстиғини қуритди.

Панжоб вилоятидаги тошқин туфайли 14 минг киши эвакуация қилинди.

Ҳиндистоннинг Aссам штатида июнь ойида ёққан кучли ёмғир ҳосил қилган кучли оқим 108 қишлоқни ғарқ қилди. Натижада 115 мингдан ортиқ аҳоли кўчирилди.

ЎзА мухбири Гўзал Сатторова тайёрлади.