Яқинда сунъий интеллект орқали Япония Бош вазири Фумио Кисиданинг қўпол, камситувчи сўзларни айтган сохта видеоси пайдо бўлиши ҳукуматни ғазабга келтирди.

– Бош вазир Кисиданинг сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда тайёрланган сохта видеоси ижтимоий тармоқда кенг тарқалиб кетганидан хабардормиз, – деди кун чиқар юрт ҳукумати бош котиби Хироказу Мацуно матбуот анжуманида. – Муносабатларга изоҳ беришдан ўзимни тийган ҳолда айтмоқчиманки, “сунъий интеллект ёрдамида”сохта маълумот тарқатилиши демократия асосига путур етказади. Бундай ҳолатга йўл қўймаслик керак. Нима мақсад кўзланганидан қатъи назар, ёлғон хабар жамиятда тартибсизлик келтириб чиқаради ва муайян шахсларга зарар етказиши мумкин. ҳатто, баъзи ҳолларда жиноят сифатида қабул қилиниши ҳам мумкин.

– Бош вазирнинг овози ва қиёфаси, шунингдек телекомпания ва дастур логотипи сунъий интеллект ёрдамида яратилган, – дейилади хабарда. – Интернетда сақланган парчаларда “Бош вазир” уйсиз ва малакасиз ишчилар ҳақида ҳақоратомуз сўзлар ишлатган. Афтидан, бу “спектакл”нинг энг беозор қисми.

Сўнгги пайтда сунъий интеллект билан боғлиқ баҳс-мунозара кўпайса кўпайдики, асло камаймаяпти. Шундай тортишувлардан бири яқинда америкалик тадбиркор Илон Маск ва Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак ўртасида кузатилди. Буюк Британияда ўтказилган сунъий интеллект бўйича биринчи глобал конференция якуни бўйича кечган бу баҳсда Илон Маск Британия Бош вазирига сунъий интеллект охир-оқибат одамларни ишлаш мажбуриятидан халос қилади, деган.

“Telegraph” газетаси ёзишича, Маск Сунакка “шундай давр келадики, иш керак бўлмай қолади, жуда хоҳласангиз, фақат шахсий қониқиш учунгина ишлашингиз мумкин”, деган. Сунак бу фикрга қўшилмаган ва “иш инсон ҳаётига мазмун бериши”га ишонишини айтган.

Маск, шунингдек, ҳукумат раҳбарини қироллик тадбиркорларини технология соҳасида янги инновацион компаниялар яратишга ундаш учун солиқ имтиёзи жорий этишга чақирган.

Ноябрда Буюк Британияда бўлиб ўтган сунъий интеллект бўйича биринчи глобал конференцияда турли мамлакатлар ҳукуматлари, сунъий интеллект соҳасидаги етакчи компаниялар вакиллари ва экспертлар иштирок этди. Илгари ушбу мамлакат ҳукумати сунъий интеллект технологияси тез орада шу қадар ривожланиб, оммавий қирғин қуроли яратиш имконини яратиши ёки инсон назоратидан чиқиб кетишидан қўрқишини билдирган эди.

Шу муносабат билан анжуманда биологик қурол яратиш ёки кибер ҳужум амалга ошириш учун сунъий онгдан зарарли мақсадда фойдаланиш хавфи муҳокама қилинди.

Табиийки, экспертлар айни соҳанинг инсоният учун фойдали томонини ҳам эътироф этмоқда. Сунъий интеллект, айниқса, тиббиёт соҳасида мислсиз ижобий самара бериши мумкин. Хусусан, соғлиқни сақлашни рақамлаштириш ва сунъий интеллектни жорий этиш шифокорнинг бевосита ташрифи заруратини камайтиради.

– 2030 йилга бориб, клиникада юзма-юз тиббий кўрик икки баробар камайиши мумкин, – деган фикрни илгари сурган “Webiomed” тиббий ташҳис платформаси ишлаб чиқиш бўйича директори Александр Гусев. – Соғлиқни сақлаш тизимининг рақамли трансформацияси, сунъий интеллект технологияси ва бемор учун рақамли хизмат фаол жорий этилиши айрим ҳолларда шифокорнинг шахсан боришини виртуал ёрдам билан алмаштириш имконини беради.

Шу билан бирга телетиббиёт маслаҳати, чат-бот, овқатланишни танлаш, симптом текшируви каби рақамли хизмат турлари жорий этилиши ҳам тиббиёт ташкилотларидаги, айниқса, бирламчи тиббий ёрдам соҳасидаги юкламани камайтириши мумкин. Табиийки, соҳада малакали кадрлар танқислигини бартараф этиш, тиббиёт ходимлари иш шароитини яхшилаш муҳим аҳамиятга эга. Рақамли технологиядан фойдаланиш, ҳақиқатан, тиббиёт ходимлари ишининг сифати ва самарадорлигини оширади, уларнинг руҳий саломатлигига ижобий таъсир кўрсатади. Сунъий интеллект тизими шифокорга касалликни аниқлаш, натижани башорат қилиш, давони тавсия этиш ва тиббий маълумотни тезкор таҳлил қилишда ёрдам беради, реал вақт режимида тиббий ёрдам кўрсатиш самарадорлигини оширади.

– Шифокорлар сунъий интеллект ёрдамида тиббиётни ўзгартиришга тайёргарлик кўриши, янги даврга мослашиш учун кўпроқ билимга эга бўлиши керак, – дейди Гусев. – Афсуски, соҳада ахборот технологияси, жумладан, сунъий интеллектни жорий этиш йўлида жиддий тўсиқлар ҳам бор. Хусусан, “консерватизм, баъзан тиббиёт ҳамжамияти қаршилиги”, ахлоқий муаммо ва маълумот махфийлиги шундай тўсиқлар сирасига киради.

Интернет материаллари асосида

С.Раҳимов тайёрлади.

ЎзА