Туркия саноат ва технология вазири Меҳмет Фотиҳ Качир Пекинда хитойлик ҳамкасблари билан учрашувда электромобил ишлаб чиқаришдан тортиб, қайта тикланадиган энергия манбаларигача бўлган масалаларни муҳокама қилди, – деб ёзди “Анадолу”.
Мулоқот давомида томонлар инновацион технология соҳасида ҳамкорлик қилиш имкониятини кўриб чиқишган. Хитойнинг турк электр транспорт воситалари ва аккумуляторларига сармоя киритиши эътибор қаратилган асосий мавзулардан бирига айланган.
Туркия вазири қайта тикланадиган энергия технологиялари икки давлат ҳамкорлигининг салоҳиятли йўналиши эканини таъкидлаган. Туркия қуёш энергияси ишлаб чиқаришда Европада биринчи, дунёда эса тўртинчи ўринда, шамол энергияси ишлаб чиқаришда ҳам дастлабки беш давлат орасида қайд этилади. Хитой эса қуёш панели ишлаб чиқариш бўйича етакчи.
Шунингдек, томонлар тез юрар поездларни кўпайтириш, соғлиқни сақлаш ва вакцина ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни илгари суришга келишиб олган.