Озарбайжонда 2024 йил 7 февралда навбатдан ташқари президент сайлови бўлиб ўтади, дейилган мамлакат раҳбари Илҳом Алиев фармойишида.
– Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев 7 декабрда давлат раҳбарлиги учун навбатдан ташқари сайлов ўтказиш ҳақидаги фармойишни имзолади, – дейилади давлат раҳбари сайтида эълон қилинган хабарда. – Ҳужжатга биноан, Марказий сайлов комиссиясига республика сайлов кодексида ўрнатилган тартибда 2024 йил 7 февралда навбатдан ташқари президент сайловини ўтказишни таъминлаш топшириғи берилди.
20 йилдан буён мамлакатга етакчилик қилиб келаётган Илҳом Алиев яна президентликка номзодини кўрсатиши мумкин. Озарбайжонда навбатдаги олий даражадаги сайлов 2025 йил бўлиб ўтиши керак эди. Хабарда муддат кўчирилишининг сабаби келтирилмаган.
2016 йил ўтказилган референдум натижасига кўра, мамлакатда президент сайлови ҳар 7 йилда бўлиб ўтиши белгиланган. Ушбу ўзгаришдан кейин, яъни 2018 йил апрелда Илҳом Алиев Озарбайжон президенти этиб сайланган.
Мамлакат конституциясида президент сайловида иштирок этиш учун чеклов йўқ, шу боис Алиев давлатнинг олий лавозимига яна номзодини кўрсатиши мумкин.
Илҳом Алиев бошқарувида, яъни 2023 йил Озарбайжон Қорабоғни қайтариб олиб, ўз ҳудудий яхлитлигини тиклади.