Бирлашган Араб Амирликлари ахборот агентлиги – “WAM” саҳифасида “COP28. Сақр Ғобаш ва Ўзбекистон сенати раиси парламентлараро муносабатни мустаҳкамлаш йўлларини муҳокама қилди” номли мақола эълон қилинди.
Мақолада БМТ иқлим ўзгариши бўйича конференцияси доирасидаги парламент сессиясида иштирок этиш учун Дубай шаҳрида бўлиб турган Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги делегациянинг БАА Федерал миллий кенгаши раиси Сақр Ғобаш билан музокараси батафсил ёритилган.
Кейинги йилларда Ўзбекистон ва БАА ўртасида кўп қиррали ҳамкорлик янги босқичга кўтарилгани, парламентлараро алоқа ҳам изчиллик касб этаётгани урғуланган.
Муаллиф ҳамкорликнинг кенг доираси, жумладан сиёсат, савдо-иқтисодиёт, иқлим ўзгариши оқибатини бартараф этиш соҳаларида ва айниқса, парламентлараро мулоқотни кенгайтириш зарурлигига тўхталган.
Ўзбекистонда фаолият юритаётган БАА сармояси иштирокидаги корхоналар сони 5 йилда 2,5 баробар ошгани, “яшил” энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, туризм инфратузилмаси каби йўналишларни қамраб олган инвестиция лойиҳалари қиймати 4 миллиард доллардан зиёдни ташкил этаётгани таъкидланган.
Ўзбекистон ва БАА парламентлари ўртасидаги муносабат изчиллигини таъминлаш, хусусан қонун ижодкорлиги ва парламент назорати йўналишларида ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашилгани эътироф этиларкан, олий даражада эришилган келишувлар асосида қабул қилинган “йўл хариталари”да белгиланган вазифалар ижроси устидан тизимли парламент назоратини ўрнатиш, “халқ дипломатияси”нинг муҳим жиҳати ҳисобланган “дўстлик гуруҳлари” фаолиятини жонлантириш лозимлиги қайд этилган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА