Бугун инсоният яна бир глобал таҳдид қаршисида турибди. Иқлим ўзгариши билан боғлиқ бу муаммонинг асорати бутун сайёрамиз аҳолиси саломатлигига жиддий хавф солмоқда. Аномал иссиқ, сув тошқини, ўрмон ёнғини, муз эриши, денгиз сатҳи кўтарилиши… Айни омиллар Ер шарининг турли нуқталарида ўлим ҳолати кўпайиши, касаллик сони ортишига олиб келяпти.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти сўнгги таҳлилига кўра, кейинги 20 йил ичида 65 ёшдан катта инсонлар ўртасида жазирама ҳароратдан вафот этиш кўрсаткичи 70 фоиз ошган. Бундан ташқари, тоза ичимлик суви танқислиги 5 ёшгача бўлган болалар ўртасида олдини олиш мумкин бўлган касалликлардан ўлим ҳолатининг асосий сабабларидан бирига айланган. Қолаверса, ҳаво ифлосланиши туфайли келиб чиқадиган хасталиклар ҳар йили 7 миллион кишини ҳаётдан эрта олиб кетмоқда.
ЖССТ бош директори Тедрос Гебрейесус фикрича, агар вазият ўнгланмаса, келгуси ўн йилликда иқлим ўзгариши билан боғлиқ омиллар ҳар йили 250 минг кишининг умрига зомин бўлиши мумкин. Зеро, ҳозир уч миллиарддан кўп одам экологик мураккаб минтақаларда яшамоқда.