– Генри Киссинжер бугун Коннектикутдаги уйида юз ёшида ҳаётдан кўз юмди, – деб ёзди “Reuters.
Сиёсатчилар Генри Киссинжернинг ўлими туфайли Қўшма Штатлар таниқли дипломатдан айрилганини таъкидлашяпти. Зеро, 1969-1977 йиллар оралиғида Киссинжер Америка ташқи сиёсатида жуда фаол иштирок этган. Жумладан, собиқ СССР билан муносабатни юмшатиш, Америка – Хитой ҳамкорлигидаги очиқликни айнан шу шахс саъй-ҳаракати билан боғлашади.
Киссинжер 1923 йил Германияда ўқитувчилар оиласида туғилган. 1938 йил оила Америкага кўчиб ўтади, 1943 йил Генри АҚШ фуқаролигини олади.
Узоқ давом этган фаолияти давомида кўплаб лавозимларда меҳнат қилган Киссинжер АҚШнинг 56-чи давлат котиби, Президентлар Ричард Никсон, кейинчалик Жеральд Форднинг ёрдамчиси бўлган. Уни Американинг “Мослашувчан жавоб” доктринаси муаллифларидан бири сифатида эътироф қилишади. У Ғарб ва Шарқ муносабатини юмшатиш тарафдори сифатида ядро қуроли устидан назорат ўрнатишни қўллаб-қувватлаган. 1971 йил Ғарбий Берлин бўйича тўрт томонлама келишувга эришилишида муҳим роль ўйнаган, Вьетнам урушини тўхтатиш ва тинчлик ўрнатиш бўйича Париж битими имзоланишидаги хизмати учун Киссинжер 1973 йил Тинчлик бўйича Нобел мукофотига сазовор бўлган. 1973 йил у Араб-Исроил урушини тўхтатишга ҳал қилувчи ҳисса қўшган.
1980-йиллар бошида Киссинжер расман сиёсат майдонидан узоқлашса-да, эксперт, кўплаб китоблар муаллифи сифатида сиёсий жараёнда фаол иштирок этиб келди. Қайси партиядан бўлишига қарамасдан, у АҚШ Президентларига мунтазам равишда маслаҳат бериб келган, дунё етакчилари билан тез-тез учрашиб турган.