Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Хитой ҳукуматига болаларда респиратор касалликлари тарқалиши бўйича қўшимча ахборот сўраб, мурожаат қилди. Бу ҳақда ЖССТ матбуот хизмати хабар берди.
Баёнотда хукумат бу ўсишни COVID-19 билан боғлиқ чеклов бекор қилиниши ва грипп, микоплазмали зотилжам, респиратор-синцитиал вирус (RSV) ҳамда SARS-CoV-2 каби муайян касаллик қўзғатувчилар циркуляцияси билан боғлаётгани айтилган.
Ташкилот Хитойдан эпидемиологик ва клиник маълумот, ушбу кластерларнинг лаборатория тадқиқоти натижаси, касаллик қўзғатувчи унсурлар циркуляцияси тенденцияси ва соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юклама ҳақида батафсил маълумот беришини сўради.
БМТ агентлиги Хитой маҳаллий аҳолиси ва чет эл фуқароларига респиратор касалликлар юқиши хавфини камайтириш учун эҳтиёт чораларини кўриш, жумладан тавсия этилган эмлашни амалга ошириш, касал бўлган вақтда уйда қолиш, ниқоб тақиш ва қўлларни мунтазам равишда ювишни тавсия қилган.
Азиза Ҳалимова, ЎзА