Ғазо секторида 46 кун ичида 5300 нафар, бошқача айтганда кунига 115 бола ҳалок бўлган. Бу ҳақда БМТ Хавфсизлик кенгаши Ғазо бўйича йиғилишида Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФ ижрочи директори Кэтрин Рассел маълум қилди.

Мулозим қайд этишича, Исроил ва ХAМAС ўртасидаги зиддиятда гуманитар тинишга эришишнинг ўзи етарли эмас, Ғазода қон тўкилишини тўхтатиш учун зудлик билан гуманитар сулҳ эълон қилиш муҳим.

Рассел Ғазо жанубида ҳарбий фаоллик кучайганига эътибор қаратиб, Фаластин анклави жанубий қисмига ҳужум қилинишининг олдини олишга чақирди.

Таъкидланишича, ҳозирги инқироз даврида ҳалок бўлганлар сони жуда юқори. БМТ 17 йилдан бери болаларга нисбатан ҳуқуқбузарликни қайд этиб келади ва бу даврда ўлдирилган болалар сони 1653 нафарни ташкил этган.

– Қурбонларининг 40 фоизи болалар, – дея таъкидлади у. – Бундай ҳолат аввал кузатилмаган. Ғазо ҳозир болалар учун дунёдаги энг хавфли жой.

Рассел айтишича, 1200 га яқин бола ҳамон вайроналар остида. Ҳудуддаги болалар озиқ-овқат тақчиллигига дуч келишган. 7 октябрдан бери Исроилда 35, Ғарбий Соҳилда 56 нафар бола ҳаётдан кўз юмган, жами 450 минг бола гуманитар ёрдамга муҳтож.

БМТ Aёллар ташкилоти ижрочи директори Сима Бахус, ўз навбатида, Ғазо секторида ҳар соатда икки она, ҳар икки соатда етти нафар аёл вафот этаётганини қўшимча қилган.

Г.Сатторова  

ЎзА