Францияда ишсизлик, таҳлилчилар кутганидан фарқли ўлароқ, кетма-кет иккинчи чорак ортиб бормоқда. Бу ҳақида “Al Jazeera” телеканали сайтида берилган хабарда айтилган.
Статистик маълумотга кўра, мамлакатда 2 миллиондан ортиқ киши бекор. Ишсизлик даражаси жорий йил учинчи чорагида кутилганидан тезроқ ўсиб, 7,4 фоизга етди. Иқтисодиёт вазири Бруно Лё Мэр фикрича, бу ҳолат глобал рецессия билан боғлиқ.
“Ишсизлик ўсишига Европа ва бутун дунёда иқтисодий ўсиш секинлашиши сабаб”, – деди мулозим.
2023 йил иккинчи чоракда ишсизлик даражаси 7,2 фоизни ташкил этди. Таҳлилчилар учинчи чоракда бу рақам 7,3 фоиздан юқори бўлмаслигини кутган эди, бироқ натижа 7,4 фоиз (тахминан 2,3 миллион киши)га кўтарилди. Бу 2022 йилнинг иккинчи чорагидан бери энг юқори кўрсаткич.
Маҳаллий экспертлар Франция иқтисодиётидаги таназзул келгуси йил ҳам давом этиши ва бу оммавий норозиликка сабаб бўлиши мумкинлигидан хавотирда.