Беларусь пойтахти Минск шаҳрида қўл жанги бўйича ўтказилган жаҳон кубоги финал баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари умумжамоада биринчи ўринни эгаллади.

Дунёнинг 30 та мамлакатидан 300 нафарга яқин спортчилар иштирок этган нуфузли мусобақада мамлакатимиз вакиллари шиддатли беллашувларда ўз маҳоратини намойиш этди.

Жаҳон кубоги беллашувлари сарҳисобига кўра, юртимиз спортчилари 7 та олтин, 4 та кумуш ва 12 бронза медалини қўлга киритди.

Умумий ҳисобда 23 та медаллар шодасига эга чиққан Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни, Россия терма жамоаси иккинчи ва Жанубий Осетия спортчиларидан ташкил топган жамоа учинчи ўрин соҳиби бўлди.

Маълумот ўрнида шуни айтиш керакки, қўл жанги бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2011 йили АҚШда, 2019 йили Германия, 2020 йили Беларусь ва 2021 йили эса Россияда ўтган жаҳон кубоги мусобақаларида муносиб натижаларга эришганди. Бу гал Беларусь пойтахтидаги муваффақият эса янги ғалабалар эшиги очилганидан далолатдир.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА