Араб давлатлари лигаси (АДЛ) ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) қўшма делегацияси Лондон ва Париждаги учрашувларда ушбу мамлакатларни Яқин Шарқда кенг қамровли тинчликка эришиш, зиддиятни икки давлат тамойилига асосланган ҳолда бартараф этиш учун Исроилга таъсир ўтказишга чақирди. Бу ҳақда “РИА Новости” Туркия дипломатия манбаларига таяниб ёзган.
Мазкур қўшма қўмита делегацияси сафида Саудия Арабистони, Иордания, Миср, Индонезия, Фаластин ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари ва ИҲТ бош котиби бор. Улар аввалроқ Пекин ва Москвада ҳам бўлишган. Чоршанба куни делегация сафига Туркия ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан ҳам қўшилди. Вакиллар Лондон ва Парижда Буюк Британиянинг янги ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон ҳамда Франция ташқи ишлар идораси раҳбари Катрин Колонна ва Президент Эммануэль Макрон билан учрашув ўтказган.
Фидан мулоқотдан мақсад Ғазо секторида ўт очишни бутунлай тўхтатиш эканини таъкидлади. Исроилга таъсир қила оладиган давлатлар тинчликка эришиш учун ушбу мамлакатга босим ўтказиши керак, – дея таъкидланади хабарда.