Сирдарёда дунёнинг 14 та давлатидан ташриф буюрган 208 нафар полвон белбоғли, бел олиш ва уч кураш бўйича ўтказилган олишувларда муросасиз курашди.
Дастлабки куни уч кураш мусобақаси ўтказилиб, ғолиблар аниқланган бўлса, чемпионатнинг иккинчи куни томошабинлар белбоғли кураш беллашувларидан завқ олди.
Қўлга киритилган 8 та олтин, 7 та кумуш, 4 та бронза медаллари сирдарёлик курашчилар ҳиссасига тўғри келди. Айтиш керакки, белбоғли кураш сўнгги йилларда дунё халқлари орасида ривожланиб бормоқда. Айниқса, Эрон, Тожикистон, Озарбайжон ва Грузия давлатлари полвонларининг маҳорати ошиб бораётганлиги беллашувларда яққол намоён бўлди.
Жаҳон чемпионатининг сўнгги куни бел олиш ва ҳалқа йўналишларида кучлилар сараланди. Барчанинг нигоҳи 96 кг дан юқори вазнли полвонлар ўртасидаги финал учрашувига қаратилди.
Сирдарёлик полвон Бахтиёр Жумабоев бел олиш бўйича финалда эронлик рақибига қарши гиламга чиқди. Муросасиз олишувда амалдаги жаҳон чемпиони Бахтиёр полвонга омад кулиб боқди.
Ҳалқа йўналиши бўйича кечган оғир вазнли курашчилар баҳсида ҳам олтин медаль сирдарёлик полвон Ислом Носировга насиб этди. У финалда қозоғистонлик рақиби устидан ишончли ғалабага эришди.
Гулистон шаҳри мезбонлик қилган жаҳон чемпионати якунланди. Умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон терма жамоаси 1 ўринни эгаллаган бўлса, Тожикистон вакиллари 2- поғонадан жой олди. Қозоғистон полвонлари 3- ўринни қўлга киритди. Ғолиб ва совриндорлар медаль, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Ш.Суяров, Ш. Ортиқбоев(сурат),
ЎзА мухбири