Бугун, 21 ноябрь куни пойтахтимиздаги “Универсал” спорт мажмуасида бокс бўйича йилнинг энг муҳим мусобақаси бўлган эркаклар ва аёллар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати баҳслари бошланди.

Хўш, мамлакат чемпионатида номдор боксчиларимиздан кимлар иштирок этади-ю, кимлар томошабинлар сафида жангларни кузатиб бориши кўп минг сонли мухлисларни қизиқтириши табиий.

Ўзбекистон бокс федерацияси бош котиби Шохид Тиллабоевнинг ЎзА мухбирига билдиришича, чемпионатда Париж-2024 йўлланмасини қўлга киритган Ҳасанбой Дўсматов, Абдумалик Халаков, Баҳодир Жалолов ва Нигина Ўктамовадан бошқа барча боксчилар Ўзбекистон чемпионатида рингга кўтарилиши кутилмоқда.

Ўзбекистон терма жамоаси учун иқтидорли спортчиларни саралаб берадиган чемпионатни бошқариб боришда юртимизнинг тажрибали ҳакамлари билан биргаликда бир қатор чет эллик реферилар ҳам баҳсларни бошқариб боришда иштирок этади.

“Универсал” спорт мажмуасида ўтадиган мамлакат чемпионати 29 ноябрга қадар давом этади.

Т. Рўзиев, ЎзА