Нукусда Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан “Янги нафас” оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтди.

“Бир ватанда, бир вақтда, бир масофага, бир мақсадда – бирга югурамиз!” шиори остида ташкил этилган тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар барча ёшдаги спортчиларни, соғлом турмуш тарзи ихлосмандларини мамлакатимиз байроғи қабул қилинганлигининг 32 йиллиги билан қутлади ва спорт мусобақасига старт берилди. Унда республиканинг шаҳар ва туманларидан 5 минг 800 нафардан зиёд иштирокчи белгиланган 3 километрлик масофани босиб ўтди.

Ўғил болалар ўртасида Р.Искандаров, қизлар ўртасида А.Сологуб, имконияти чекланган ўғил болалар ўртасида Н.Сарибоев, қизлар ўртасида А.Турсинбаева, фахрийлар ўртасида М.Есбоғанов финишга биринчи бўлиб келди. Шунингдек, 25 та номинация бўйича ғолиблар аниқланди.

Мусобақада ғолиб ва фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совринлар билан тақдирланди.

Оммавий югуриш мусобақаси доирасида турли кўнгилочар тадбирлар ҳам ташкил этилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА