Ўтган ҳафтанинг сўнгги кунларида футбол бўйича Европа қитъасида бир қатор қизиқарли учрашувлар ўтказилди. Айрим терма жамоалар келгуси йили Германияда ўтадиган Европа чемпионатига йўл олди. Ушбу учрашувларда айрим футболчилар янги рекордларни ўрнатди.

Тушуниб турганингиздек, бугунги футбол бўйича кичик шарҳимиз “Евро-2024” саралаш баҳсларига қаратилади.

“Кўҳна қитъа”нинг энг муҳим мусобақаларидан бири бўлган Европа чемпионатининг саралаш баҳслари “F” гуруҳидан ўрин олган Бельгия ва Озарбайжон терма жамоалари баҳсида майдон эгалари 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўйинда Лукаку рақиб дарвозасини тўрт маротаба ишғол этган бўлса, 90-дақиқада Троссард сўнгги голга муаллифлик қилди. Шу тариқа, Бельгия гуруҳда 20 очко тўплаган ҳолда пешқадамга айланиб олди.

“Евро-2024” саралашининг “А” гуруҳида ҳам кутилганидек Испания 21 очко жамғарган ҳолда етакчилик қилмоқда. Испанлар сўнгги учрашувда Грузияни 3:1 ҳисобида таслим қилди. Шунингдек, гуруҳда жанговар тарзда ўтган Шотландия ва Норвегия ўйини 3:3 ҳисобида якунланди. Ушбу дурангдан сўнг Шотландиянинг очколари 17 тага етди ва Норвегиядан 6 очкога ўзиб кетди.

Криштиану Роналду бошчилигидаги Португалия терма жамоаси Исландияни ўз майдонида 2:0 ҳисобида енгди. Учрашувнинг 37-дақиқасида Фернандеш ҳисобни очган бўлса, 66-дақиқада Хорта иккинчи голни рақиб дарвозасига жойлаб қўйди.

Эътиборлиси, Португалия терма жамоаси “J” гуруҳида ўтказилган 10 та ўйинда 36 та гол уриб, очколарини 30 тага етказиб олди. Бу жамоа ҳатто саралаш босқичида бирорта ҳам ўйинда очко йўқотмади. Мартинес шогирдларининг энг яқин таъқибчиси Словакияда 22 очко бор ва у иккинчи поғонадан ўрин эгаллаган.

Сўнгги йилларда Франция терма жамоаси юқори ўсишга эришди. Жамоа таркибидаги муҳим ўйинчилардан бири Килиан Мбаппе юқори натижалар қайд этмоқда. Шу сабабли ушбу жамоа ўйинлари ва натижаларига алоҳида тўхталиб ўтишни лозим топдик.

2024 йил Германияда ўтадиган Европа чемпионатининг саралаш турнирида Франция терма жамоаси “B” гуруҳида 21 очко тўплаган ҳолда жадвалда биринчи поғонада бормоқда. Франция Гибралтар термасига қарши ўтган ўйинда 14:0 ҳисобида зафар қучди. Ўйинда Мбаппе хет-трик, Коман ва Жиру дубль, Тюрам, Заир-Эмери, Клосс, Фофана, Рабьо ва Дембелелар ўз ҳисобига биттадан гол ёздириб қўйган бўлса, Сантос ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйди.

Франция терма жамоаси ушбу йирик ғалабадан сўнг, учта рекорд ўрнатди. Франция – Гибралтар баҳси Европа чемпионати саралаш турнирлари тарихида энг кўп тўп киритилган учрашув бўлди. Маълумот учун  бундан аввалги рекорд Германия ҳамда Сан-Марино ўртасидаги баҳсда қайд этилган эди. Унда олмонияликлар 13:0 ҳисобида зафар қучган. Яна бир рекорд французлар ўз тарихидаги энг йирик ҳисобга эришди. Аввалги рекорд Франция – Озарбайжон ўйинида ўрнатилган эди. Ўшанда улар 10:0 ҳисобида ғалаба қозонган.

Учинчи рекорд Килиан Мбаппе томонидан ўрнатилди. У Франция терма жамоаси сафида Гибралтар дарвозасини уч маротаба ишғол қилганидан кейин умумий голлари сонини 300 тага етказиб олди. 24 ёшли футболчи бу натижага Криштиану Роналду, Лионель Месси ва Неймардан эрта эришди. Бу уч ҳужумчи голлари сонини 300 тага етказганида ёши 25 дан ўтган эди. Ишонамизки, бу юксак истеъдодли футболчи бундай рекордларни бир қанчасини ўрнатишда давом этади.

Умуман олганда Килиан Мбаппенинг янгидан-янги рекордларини санаш мумкин. Ушбу учрашувдаги уч голидан сўнг, бу йил халқаро миқёсда урган голлари сонини 10 тага етказиб олди. Шу тариқа, 24 ёшли ҳужумчи Франция терма жамоаси сафида кетма-кет икки йил ўнта ва ундан кўп тўп киритган футболчига айланди. Мбаппе 2022 йил терма жамоа ўйинларида рақиблар дарвозасини 12 маротаба аниқ нишонга олган эди.

Таъкидлаш жоизки, Мбаппе терма жамоанинг умумий тўпурарлари рейтингида учинчи ўринга кўтарилиб олди. Унинг ҳисобидаги голлар сони 46 тани ташкил қилмоқда. Килиан Оливье Жиру ва Тьерри Анридан ортда қоляпти холос.

Умуман олганда Мбаппенинг ўйини шу суръатда давом этса, у энг кўп гол урган футболчилар орасида биринчи ўринга чиқиб олиши мумкин. Ҳозирда эса ушбу рекорд учун бироз вақтли. Сабаби, сентябрь ойида Роналду фаолияти давомида 850 та гол урган биринчи футболчига айланди. Унинг ҳисобида 1 минг 188 та ўйинда 858 та гол бор. Месси ҳисобида 1 минг 44 та ўйинда 821 та гол мавжуд.

Дарвоқе, шарҳимиз сўнгида икки оғиз Ўзбекистон Суперлигаси ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз. Куни кеча Суперлиганинг 21-турида қолдирилган “Сурхон” – “Олимпик” баҳси якунланди. Унда  мезбонлар кичик 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўйиндаги ягона гол 49-дақиқада Тамерлан Жамалутдинов томонидан пенальтидан киритилди.

Шу тариқа, “Сурхон” 37 очко билан 6-поғонадан жой эгаллади. Тимур Кападзе шогирдлари эса 28 очко билан 9-ўринда қолди.

Ушбу ўйиндан сўнг  мусобақада барча жамоалар 24 та ўйин ўтказди ва жадвалда “Пахтакор” 50 очко билан биринчи поғонада қолди.  “Навбаҳор” ва “Насаф” эса бир хил 46 очко жамғарган бўлиб “Насаф” голлар нисбатига кўра иккинчи поғонада бормоқда.

 

Жавоҳир Тошхўжаев,  

ЎзА