КХДР ўрта масофага учадиган баллистик ракета учун қуюқ ёнилғида ишлайдиган двигателнинг янги турини ишлаб чиқди, деб ёзди Жанубий Кореянинг “Рёнхап” агентлиги.
Яқинда Шимолий Корея уч кун оралиғида икки бор янги, юқори қувватга эга двигателли ракета синови ўтказгани ҳақида хабар тарқалган эди.
Жанубий Корея эса 18 ноябрда шимолликлар “Ракета саноати куни”ни нишонлашини таъкидлади. Шу куни Пхеньян жосус-йўлдошни орбитага олиб чиқиши мумкин.
КХДР Олий Халқ йиғини президиуми “Хвасон-17” қитъалараро баллистик ракетаси учирилганига бир йил тўлиши муносабати билан 18 ноябрда янги касб байрами – “Ракета саноати куни” нишонланишини маъқуллаган.
2022 йил 18 ноябрь куни Пхеньянга яқин Сунан аэродроми ҳудудидан Япон денгизига қарата ракета учирилган эди. Шимолий Корея матбуоти тарқатган маълумотда айтилишича, учоқ 6040,9 километр баландликда 999,2 километр масофага учиб, Япон денгизига бориб тушган. Парвоз 4135 сония давом этган.
Япония мудофаа вазири Ясуказу Хамада таъкидлашича, агар ушбу ракета одатий траекторияда учганда, парвоз масофаси 15 минг километрга, яъни АҚШ ҳудудига етиб борган бўларди.
Ўшанда КХДР етакчиси Ким Чен Ин “Хвасон-17” ракетаси синов парвози муваффақиятли кечгани, мамлакат қудрати ҳар қандай ядровий таҳдидни бартараф қилишга қодир эканини таъкидлаган. У парвоз амалга оширилган жойга рафиқаси ва қизи билан келган. Кузатувчилар фикрича, шу орқали етакчи мамлакатнинг қитъалараро баллистик ракетаси ишончли эканини намойиш қилган.
Шимолий Корея синов тадбирлари жанубликларни ҳамда Японияни қаттиқ хавотирга солиб, ҳатто АҚШ ва иттифоқчиларни ҳам безовта қиляпти.
КХДРнинг кетма-кет ракета учириши минтақада кескинликни оширмоқда, дейишяпти Япония ва Жанубий Корея расмийлари.
Куни кеча Токиода уюштирилган матбуот анжуманида Япония ҳукумати бош котиби Хироказу Мацуно қуюқ ёнилғида ишлайдиган ракета кутилмаган зарба бериш имкониятини ошириш мақсадида яратилмоқда, деди.
– Биз Шимолий Кореянинг ҳарбий саъй-ҳаракати, жумладан ракеталар парвозини диққат билан кузатиб боряпмиз, маълумотларни тўплаб, таҳлил қиляпмиз, – деди мулозим. – Ҳукумат келгусида ҳам вазиятни ҳушёрлик билан назорат қилади.
С.Раҳимов, ЎзА