Жидда шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котибияти томонидан ташкил этилган “Исломда аёллар” халқаро конференцияда сўзга чиққан Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фархон бин Абдуллоҳ ушбу муҳим конференцияга ташриф буюргани учун делегацияларга миннатдорлик билдирди.
ИҲТ Ахборот агентликлари иттифоқи “UNA OIC” ёзишича, вазир анжуманда долзарб масалалар кўтарилгани, хусусан минтақалардаги можаро ва қуролли тўқнашувларда заифалар дуч келадиган зўравонлик, қашшоқлиқ, қўрқув, фарзандлари ҳаётини сақлаш каби турли муаммоларни ҳал этиш жаҳон ҳамжамиятидан жиддий чоралар кўришни талаб қилишини таъкидлаган.
– Ғазодаги фаластинлик аёллар Исроил халқаро қонунларни, инсонпарварлик тамойилини узлуксиз бузиши натижасида танг аҳволга дучор бўлаётгани, оғир шароит минглаб соғлом фикр соҳибларини ларзага солаётгани сир эмас, – деди у. – Бу халқаро ҳамжамиятнинг жим туриши, ўз бурчи ва масъулиятини бажаришга бефарқлиги асносида содир бўлмоқда. Минтақадаги кескинлашувни тезроқ бартараф этиш, бегуноҳ болалар нобуд бўлиши, тинч аҳоли жабр кўришини тўхтатиш, тезкор ва тўсиқсиз инсонпарварлик ёрдамини зудлик билан киритиш таъминланиши зарур.
Фаластин аёллари, бутун халқ уруш машинасининг қонунбузарлиги, инсониятга қарши жинояти қурбонига айланаётганини қироллик қаттиқ қоралаши билдирилди.
Шаҳзода Файсал 1979 йил Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган аёлларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияга тўхталиб, қироллик “Нигоҳ-2030” доирасида хотин-қизлар имкониятини кенгайтириш бўйича муҳим қадам ташлагани, алалоқибат саудиялик аёлларнинг турли соҳалардаги мақоми ҳамда ваколати юксалишини таъкидлади.
ТИВ раҳбари нутқи якунида “Исломда аёллар ҳуқуқи бўйича Жидда ҳужжати” номли расмий баёнотни эълон қилиб, мазкур ҳужжат жамиятда амалий ваколатга эришишга ҳисса қўшадиган ҳуқуқий, қонунчиликка оид ва интеллектуал маълумотнома бўлиб қолишига ишонч билдирди.
Бангладеш Халқ Республикаси Бош вазири Шайх Ҳасина Қиролликнинг аёллар мавқеини рағбатлантириш бўйича илғор ташаббусларини эътироф этди. У Бангладешда ҳам хотин-қизлар ижтимоий ривожланишга йўналтирилган саъй-ҳаракатнинг олдинги сафида эканини таъкидлаб, ҳозир парламентда 73 нафар аёл борлигини маълум қилди. Исроил ишғоли туфайли Ғазода аёллар ва болаларга нисбатан юз бераётган салбий ҳолатларни қоралаб, томонларни инсонпарварлик ҳимояси ва ёрдамини таъминлаш, зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирди.
Анжуманда сўз олган Мавритания ташқи ишлар вазири Муҳаммад Салим Мерзуг Саудия раҳбариятининг исломий қадриятга мос келадиган қонуний ҳуқуқ ва эркинликни ҳимоя қилиш, ижтимоий хавфсизликни мустаҳкамлаш ҳамда тотувлик ва интеграцияни рағбатлантиришга содиқлигини юқори баҳолади. У қизлар таълимига рағбат ортиб бораётгани туфайли аёлларнинг ижтимоий ҳаётдаги иштироки юксалаётганини эътироф этди.
ИҲТ Бош котиби Ҳусайн Иброҳим Таха ушбу долзарб конференция айни вақтда ўтказилаётгани бежиз эмаслигига урғу берди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА