Дарахтлар сайёрамиз экотизимида муҳим роль ўйнайди. Улар биологик хилма-хилликни сақлаш, кислород ишлаб чиқариш, ҳавони тозалашга ёрдам беради.

Фотосинтез жараёнида дарахтлар карбонат ангидридни ўзлаштиради, бу эса иқлим мувозанатини сақлаш ҳамда атроф-муҳит ва ҳаво сифатини яхшилашга ёрдам беради. Уларнинг илдизлари тупроқни ушлаб туради, эрозиянинг олдини олади ва ернинг унумдорлигини сақлайди. Табиат яратган бу мувозанатни бузиш осон, тиклаш эса жуда қийин.

Eriell Group нафақат ўз фаолияти доирасида, балки жамоат ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва дарахт экиш кампанияларида иштирок этиш орқали ҳам экологик мувозанатни сақлашга масъулдир.

Сўнгги икки йил ичида Компаниялар гуруҳи томонидан “Бойсун” ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш базаси ҳудуди гуллаб-яшнаётган боғга айлантирилди, “Яшил макон” акцияси доирасида бошқа ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш базаларида кўчатлар экилди, шунингдек, Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги “Ғалаба боғи” хиёбони ҳудуди ободонлаштирилди, Қарши шаҳридаги “Мурувват” мактаб-интернати уйи ёнига япон софораси экилди. Бу «сайёрамиз ўпкаси”ни тиклаш бўйича амалга оширилган барча ишларнинг фақат бир қисми, холос.

29 октябрь куни “Орол денгизидаги боғим” лойиҳаси доирасида Eriell Group томонидан 2000 туп кўчат харид қилиниб, Устюрт экспедицияси томонидан уларни Орол денгизи тубига кенг кўламда экиш ишлари амалга оширилди. Тадбир сув омборининг ўзига хос экотизимини сақлаб қолиш йўлида муҳим қадам бўлди.

Илгари дунёдаги энг катта кўллардан бири бўлган Орол денгизи кўп йиллар давомида антропоген таъсирлардан азият чеккан. Натижада сув юзаси 90 фоизга қисқариб, бу ўз навбатида экотизимга ҳам салбий таъсир кўрсатди. Бироқ экология фаоллари, жумладан, Eriell Group Устюрт экспедицияси ходимларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари бу бетакрор, гўзал масканнинг эртанги куни учун умид бахш этмоқда.

2 минг туп дарахт, жумладан, 250 туп шумтол, 250 туп қарағай ва 1 минг 500 туп саксовул экилгани нафақат физиологик тикланиш тимсоли ҳисобланади, балки Оролбўйида ҳаётни қайта тиклашга интилиш истагини ҳам ифодалайди.

Устюрт экспедицияси мутахассислари қуёш илк заррин нурларини сочиши биланоқ ўзгача иштиёқ ва ғайрат билан ишга киришди. Кун охирига келиб Оролбўйи ҳудудининг салмоқли қисми янги экилган дарахтларга тўлди.

– Дарахт экиш табиатнинг бу бетакрор гўшасини тиклаш ва ўзгартириш сари қадамдир. Экологик фаровонликка муносиб ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг бурчимиздир, – деди Устюрт экспедицияси бош муҳандиси Рамбергенов Исабай Дусенбаевич. – Шундай экан, келажак авлодлар учун экологик мувозанатни сақлаш йўлида биргаликда ҳаракат қилайлик.

Ёш ниҳоллар, биринчи навбатда, Орол денгизи қирғоқларида тупроқни ушлаб туриш, эрозиянинг олдини олиш ва тупроқни янада нобуд бўлишдан асрашга ёрдам беради. Улар ҳавони тозалаш ва чангни ушлаб қолишга қодир. Шу билан бирга, бу дарахт турлари қуруқ ва иссиқ чўл шароитига мослашиш сингари ноёб қобилиятга эга. Айнан шу фазилатлари туфайли улар Eriell Group томонидан Орол денгизи экотизимини тиклаш учун танланган.

Экиш майдони суғориш учун сув таъминоти тизимига ҳам эга эканлигини таъкидлаш жоиз. Бу ёш ниҳолларнинг илдиз отиши ва кучга тўлишини таъминлаш учун зарур чора ҳисобланади.

– Eriell Group шундай эзгу ишда иштирок этаётганидан хурсандман. Орол денгизи тубига дарахт экиш стратегик аҳамиятга эга бўлган қарор бўлиб, ижобий ўзгаришларга олиб келиши, экотизимни тиклаш ва аҳоли ҳаётини яхшилашга хизмат қилади, – дейди Устюрт экспедицияси кадрлар билан ишлаш бўйича етакчи мутахассиси Бегдуллаев Даулетбай Ғайратдинович. –
Бундай тадбирларни амалга ошириш экологик мувозанатни сақлаш ва уни келажак авлодлар манфаати йўлида яхшилаш мақсадида бўлган бошқа корхона ва ташкилотлар, жисмоний шахсларга ўрнак бўлиши лозим.

Бир пайтлар гўзал ва бетакрор бўлган Орол денгизи тубига кўчатлар экиш нафақат маҳаллий ўзгаришлар, балки сайёрамизнинг тикланишига бўлган муштарак умидимиз рамзидир.

Келгуси йилда Eriell Group’да нефть-сервис компаниялари гуруҳи ташкил топганининг 20 йиллиги нишонланади. Демак, олдинда бевосита фаолият билан бир қаторда, ижтимоий аҳамиятга эга тадбирлар билан ҳам боғлиқ кўплаб лойиҳалар турибди.

ЎзА