Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Спортчиларга спорт унвонлари ва спорт разрядларини бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, спортчиларга спорт унвонлари ва спорт разрядларини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.

Регламентда:

спортчиларнинг спорт турлари бўйича спорт унвонлари ва спорт разрядларини олиш учун мурожаат қилиш тартиби; 

спорт унвонлари ва спорт разрядларини олиш учун ариза ҳамда ҳужжатларни юбориш, кўриб чиқиш ва гувоҳномани бериш тартиби; 

спорт унвонлари ва спорт разрядларининг амал қилиш муддатини белгилаш ҳамда қайта расмийлаштириш тартиби белгилаб берилган. 

Қарорга кўра, давлат хизматидан фойдаланиш учун жисмоний шахслар фақат давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилишлари лозим бўлади.

Маъмурий регламентни амалда қўллашнинг самарадорлиги ва натижадорлигини оширишга йўналтирилган ўқув семинарлари ташкил этилади.

2024 йил 1 январга қадар: 

спортчиларга спорт унвонлари ва спорт разрядларини бериш бўйича давлат хизматлари ЯИДХП орқали кўрсатилиши таъминланади; 

спортчиларга спорт унвонлари ва спорт разрядларини бериш бўйича давлат хизматларидан фойдаланиш учун давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали ариза бериш ҳамда 16 ёшга тўлмаган ариза берувчилар учун ЯИДХП орқали уларнинг ота-онаси ёки қонуний вакили томонидан ариза бериш имконияти яратилади; 

ЯИДХПда давлат хизматлари кўрсатилишининг ҳар бир босқичида мурожаатларнинг кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартиби жорий этилади;

“ERP sport” ягона электрон бошқарув тизими ЯИДХПга интеграция қилинади.

Давлат хизматлари кўрсатилишининг белгиланган тартиби бажарилиши юзасидан уларнинг фаолияти бўйича, шу жумладан, ЯИДХП орқали доимий назорат ўрнатилади.

Маъмурий регламент талабларини бузганлик учун давлат органлари ва бошқа ташкилотлар мансабдор шахсларига нисбатан белгиланган тартибда маъмурий жазолар қўлланилади.

ЎзА