Буюк Британиянинг Дуглас шаҳрида поёнига етиб бораётган «Grand Swiss FIDE» халқаро турнирининг сўнгги 11-тур ўйинлари бўлиб ўтиши арафасида ғолибликка даъвогар бўлган асосий шахматчилар деярли аниқ бўлиб қолди.
Муросасиз баҳслар натижасида 7,5 очко жамғариб, «Grand Swiss FIDE»да пешқадамлик қилаётган «FIDE» байроғи остида дона сураётган Андрей Есипенко, ҳиндистонлик Видит Сантош, АҚШлик Хикару Накамура ҳамда 7 очкога эга сербиялик Александр Предке, ҳиндистонлик Аржун, германиялик Винсент Кеймер ғолиб ва совриндорликка номзод бўлиб турибди.
Мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилаётган Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Нодирбек Абдусатторов 6 очкога эга бўлган ҳолда 12, 14 ва 23-ўринларда қайд этилган.
Кеча ўтказилган 10-тур ўйинларида Абдусатторов – Синдоров дурангга эришган бўлса, Н.Ёқуббоев ва франциялик Этьен Бакро учрашувида ҳам томонлар муроса йўлини танлаб, 0,5 очкодан бўлишиб олди. Ш.Воҳидов Германия вакили Александр Донченкони катта устунлик билан мағлуб этди ва очколари сонини 4,5 тага етказди.
Бугун, 5 ноябрь куни ўтказиладиган сўнгги 11-турда Аржун – Накамура, Сантош – Предке, Аниш – Есипенко, Каруана – Кеймер ўртасидаги баҳслар совринли ўринлар тақсимоти қай кўринишда бўлишига ойдинлик киритиши билан аҳамиятли бўлади.
Мамлакатимиз вакилларидан Синдоров «Grand Swiss FIDE» турнирининг охирги 11-турида россиялик Владислав Артемев билан, Нодирбек Ёқуббоев қора доналарда Франция вакили Алиреза Фрудужи билан, Абдусатторов қора доналарда украиналик Юрий Кузубов билан, Воҳидов швециялик Нильс Гранделиус билан рўбарў келади.
11-тур ҳолатига кўра, айтиб ўтганимиздек, 3 нафардан шахматчилар 7,5 ва 7 очко жамғарган бўлса, 5 нафари 6,5, 18 нафари 6, 16 нафари 5,5, 23 нафари 5, 15 нафари 4,5 очкога эгалик қилмоқда.
Воқеалар ривожидан олдинга ўтиб айтиш мумкинки, Синдоров, Ёқуббоев ва Абдусатторов сўнгги турда муваффақиятга эришса, «Grand Swiss FIDE»нинг мукофот жамғармаси тақсимланадиган кучли 10 таликда якунлаши тайин. Бу борада ҳамюртларимизга омад йўлдош бўлишини тилаб қоламиз.
Мусобақанинг аёллар гуруҳидаги баҳсларда 8 очкога эга ҳиндистонлик Рамешбабу Вайшали етакчилик қилмоқда. Ундан кейинги ўринлардан 7,5 очкога эга украиналик Анна Музичук ва муғулистонлик Батхуягийн Монгонтуул жой олган. Аёллар ўртасидаги сўнгги турда Монгонтуул – Рамешбабу баҳси бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, «Grand Swiss FIDE»нинг мукофот жамғармаси 600 минг АҚШ долларидан иборат бўлиб, 460 минг АҚШ доллари эркаклар ўртасида, 140 минг АҚШ доллари аёллар ўртасидаги совринли ўринлар учун тақсимланади. Эркаклар ўртасидаги баҳсларда совринли ўринлар 31 та ўрин орасида бўлинади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА