Қозоғистоннинг етакчи давлат ахборот узатувчиси – “Kazinform” халқаро ахборот агентлиги тарқатган сўнгги хабарга кўра, айни пайтгача кеча фожиа юз берган кон тубидан ҳалок бўлгани аниқланган 35 кишининг 29 нафари жасади олиб чиқилди, 11 нафар кончи қидирилмоқда.
– Қутқарув-қидирув ишларига “Ҳарбийлаштирилган профессионал қутқарув-қидирув хизмати Республика марказий штаби” Қарағанди филиалининг 10 та бўлинмаси жалб қилинган, – дейилади мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати ахборотида. – Ҳодисага сабаб бўлгани айтилаётган газ билан боғлиқ вазият назоратга олинган.
Эслатиб ўтамиз, 28 октябрь тунги соат 2.33 да Қарағанди вилоятида жойлашган “АрселорМиттал Темиртау” компаниясига қарашли Костенко номли кон портлаган. Ўша он шахтада бўлган 252 кишидан 205 нафари ер юзасига олиб чиқилган.
Мазкур фавқулодда ҳодиса бўйича Бош прокуратура жиноят иши очиб, суриштирув бошлади. Дастлабки фаразга кўра, яъни компания томонидан тақдим қилинган ахборотга қараганда, объектда метан гази портлаган. Воқеа жойида қутқарувчилар ишлаяпти, штаб тузилган.
Манзилга Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев етиб борган. У ҳалок бўлган кончиларнинг оила аъзолари, яқинларига самимий ҳамдардлик билдирди. Давлат раҳбари топшириғига мувофиқ, жабрдийдаларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатилади.
Бугун – 29 октябрь – мамлакатда миллий мотам.
Қосим-Жомарт Тоқаев имзолаган тегишли фармойишда шундай сўзлар бор:
– Қарағанди вилоятидаги И.А.Костенко номли конда юз берган фожиа оқибатида инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан 2023 йил 29 октябрь умуммиллий мотам куни, деб эълон қилинсин.
Ҳалокат оқибатларини бартараф эиш мақсадида воқеа жойида ташкил қилинган штаб ишига мамлакат фавқулодда вазиятлар вазири генерал-майор Сирим Шарипханов бевосита раҳбарлик қилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Қарағандига жабрланганларга маслаҳат ёрдами кўрсатиш учун юқори малакали токсиколог, травматолог-ортопед ва нейрохирургдан иборат махсус гуруҳни жўнатди.
Бош вазир Алихан Смаилов бошчилигида авария сабабини аниқлаш бўйича ҳукумат комиссияси тузилган. Шунингдек, ҳукумат “АрселорМиттал Темиртау” АЖ акционерлари билан муайян дастлабки келишувга эришгани маълум бўлди. Битимга кўра, айни пайт корхонага мулкдорлик ҳуқуқини Қозоғистон Республикасига ўтказиш бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш жараёни ниҳоясига етмоқда.
Президент “АрселорМиттал Темиртау” билан инвестициявий ҳамкорликни бекор қилиш тўғрисида кўрсатма берган ва ушбу компанияга тегишли 8 та кон фаолияти тўхтатилган.
Қарағанди вилояти акими ўринбосари Вадим Басин “АрселорМиттал Темиртау” кўмир департаменти раҳбари этиб тайинланган.
Кўмир конида юз берган фожиа муносабати билан Ўзбекистон, Россия, Беларусь, Қирғизистон, Франция Президентлари, шунингдек Туркия ТИВ Қозоғистон халқига ҳамдардлик билдирди.
Ғ.Хонназаров тайёрлади.
ЎзА