Осиё футбол конфедерациясининг навбатдан ташқари конгрессида яқинда Ўзбекистонда ўтказилган конференциянинг юқори даражада ташкил этилгани эътироф этилди.
Унда иштирок этган ФИФА президенти Жанни Инфантино ҳамда ОФК раҳбари Шайх Салмон бин Иброҳим Ал Ҳалифа Осиё қитъаси кўплаб ФИФА мусобақалари ва футбол тадбирларига мезбонлик қилишда ташаббус намойиш этаётганини юксак баҳолади. Хусусан, жорий йил Индонезияда ўтадиган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати, Саудия Арабистони мезбонлигидаги клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати, БАА мезбонлигидаги соҳил футболи бўйича жаҳон чемпионати ва 2024 йил мамлакатимизда бўлиб ўтадиган футзал бўйича жаҳон чемпионати мусобақаларини юқори савияда ўтишига ишонч билдирилди.
ОФК раҳбари Шайх Салмон бин Иброҳим Ал Ҳалифа ОФКга аъзо ассоциациялар номидан 2034 йилги жаҳон чемпионатини ўтказишда Саудия Арабистонининг таклифини қўллаб-қувватлаш истагини билдирди.
Конгрессда 2022 йил учун аудиторлик ҳисоботларни сарҳисоб қилиш, 2023-2024 йилги молиявий бюджетни тасдиқлаш ва ОФКнинг юридик йўналишлари бўйича янги аъзоларни сайлаш масалалари кўриб чиқилди.
Йиғилиш давомида Ўзбекистон футбол ассоциацияси Юридик бўлим бошлиғи Умиджон Олимжонов ОФКга аъзо бўлишни назорат қилиш органининг раис ўринбосари лавозимига сайланди.
Т.Рўзиев,
ЎзА