Бугун футбол мухлислари жаҳон ва Европа чемпионатининг саралаш босқичи учрашувлари ва Ўзбекистон терма жамоаси ўйинлари ҳақидаги хабарларга эътибор қаратиши шубҳасиз.

12 октябрдан 13 октябрга ўтар кечаси кўҳна қитъа ва океан ортида бир қатор терма жамоалар ўртасида қизиқарли ўйинлар бўлиб ўтди. Жумладан жаҳон чемпионати саралашидан ўрин олган Аргентина – Парагвай баҳсида мезбонлар 1:0 ҳисобида зафар қучди. Ўйиннинг 3-дақиқасида Отаменди рақиб дарвозини аниқ нишонга олди. Бу ғалабадан сўнг, Аргентина мусобақа жадвалида биринчи ўринга чиқиб олди.

Бразилия ўз майдонида Венесуэла билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Учрашувда Габриэл ҳисобни очган бўлса, 85-дақиқада Белло ҳисобни тенглаштирди. Шу тариқа, Бразилия муҳим ўйинда очко йўқотиб, иккинчи поғонага тушиб қолди. Колумбия ва Уругвай термалари баҳси 2:2 ҳисобида якунланди.

Кўҳна қитъада “Евро-2024”нинг финал босқичи учун саралаш ўйинлари ўтказилмоқда. Унда Хорватия ўз майдонида Туркияга 0:1 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Учрашувдаги ягона голга 30-дақиқада Йилмаз муаллифлик қилди. Мазкур натижа Туркиянинг “D” гуруҳида 1-ўринга чиқиб олишига сабаб бўлди. Хорватия эса иккинчи ўринга жойлашди.

Испания – Шотландия баҳсида 2:0 ҳисоби қайд этилди. Ушбу ғалабадан сўнг «қизил фурия» “А” гуруҳида иккинчи ўринни ўзиники қилиб олди. Гарчи Шотландия мағлубият аламини тотган бўлса-да, жадвалда пешқадамлик қилмоқда.

“А” гуруҳида Кипр – Норвегия ўзаро рақобатлашди. Ўйинда Норвегия терма жамоаси аъзоси Сёрлет ҳисобни очган бўлса, Ҳолланд дубль қайд этди. Эурснеснинг ўйиндаги сўнгги голи рақиб жамоани 0:4 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади. Шундай қилиб, Норвегия 3 очкони қўлга киритиб, гуруҳида 3-ўринда қолди.

Ўзбекистон олимпия ва миллий терма жамоасининг ҳам учрашувлари ўзбек мухлисларининг эътиборидан четда қолмаслиги аниқ.

Гап шундаки, Хитойда йиғин олиб бораётган Сречко Катанец бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси бугун ўртоқлик учрашувида майдонга тушади. Мазкур беллашувда миллий терма жамоамиз Вьетнамга қарши рақобатлашади.

Шунингдек, Ўзбекистон U-23 терма жамоаси Тошкентда Испанияга қарши ўртоқлик ўйини ўтказади. Темур Кападзе бошчилигидаги терма жамоамиз ўйини «Бунёдкор» стадионида соат 19:00да бошланади.

Дарвоқе, 2024 йилнинг январь-февраль ойларида ўтказиладиган Африка кубоги учун қуръа ташланди. Мазкур мусобақада жамоалар 6 та гуруҳга бўлинган ҳолда иштирок этади.

Қуръа натижаси билан қуйида танишасиз:

  • А гуруҳи: Кот-д’Ивуар, Нигерия, Экваториал Гвинея, Гвинея-Бисау.
  • B гуруҳи: Миср, Гана, Кабо-Верде, Мозамбик.
  • C гуруҳи: Сенегал, Камерун, Гвинея, Гамбия.
  • D гуруҳи: Жазоир, Буркина-Фасо, Мавритания, Ангола.
  • E гуруҳи: Тунис, Мали, ЖАР, Намибия.
  • F гуруҳи: Марокаш, Конго ДР, Замбия, Танзания.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА