Ўн йиллик тарихга эга “Qatar Masters Open” халқаро турнири шахмат бўйича дунёдаги энг йирик мусобақалардан бири саналади. Мазкур нуфузли мусобақада ФИДE рейтингида 2300 балдан юқори натижага эришган шахматчилар иштирок эта олиш ҳуқуқига эга.
Мукофот жамғармаси 108 минг 250 АҚШ долларини ташкил этган бу галги “Qatar Masters Open” баҳсларида 31 мамлакатнинг 160 нафар маҳоратли шахматчиси ғолиблик учун дона суришга ҳозирлик кўрмоқда. Турнирнинг асосий баҳсларида юртимиз шахматчиларидан Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Жаҳонгир Воҳидов, Шамсиддин Воҳидов билан биргаликда яна 9 нафар ёш шахматчиларимиз иштирок этиш учун рўйхатдан ўтган.
Мусобақалар 11-21 октябрь кунлари бўлиб ўтади. Ўйинлар 9 турдан иборат бўлиб, 1-ўринни қўлга киритган шахматчи 25 минг, 2-ўрин соҳиби 15 минг ва учинчи ўринга эга чиққан спортчи 10 минг АҚШ доллари билан тақдирланади.
Айтиш лозимки, мазкур нуфузли мусобақа доирасида аёллар ва ўсмирлар ўртасида алоҳида турнирлар ўтказилиши белгиланган.
Ўнинчи бор ташкил этилаётган “Qatar Masters Open” халқаро турнирида дунёнинг энг кучли шахматчилари бўлган Магнус Карлсен, Жорден ван Форест, Ҳикару Накамура, Аниш Гири ва Гукеш Доммаражу ва бошқалар қатнашмоқда.
Т.Рўзиев, ЎзА