Ўзбекистон Республикаси ҳукумати делегацияси расмий ташриф билан Чехия Республикасида бўлиб турипти.
10 октябрь куни Чехия ҳукумати уйида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати делегациясини расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Бош вазир Абдулла Арипов Чехия Республикаси Бош вазири Петр Фиала бошчилигида икки мамлакат ҳукумат делегацияларининг учрашуви бўлиб ўтди.
Чехия Бош вазири Петр Фиала мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларни олқишлашини маълум қилди.
Чиндан ҳам, кейинги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакатимизда иқтисодиётни либераллаштириш, бозор механизмларини мустаҳкамлаш, банк соҳасини ривожлантириш, хусусийлаштиришни кенгайтириш, ҳуқуқий ҳимояни кучайтириш ва коррупцияга қарши кураш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўз навбатида, муштарак мақсадлар ва албатта, Ўзбекистондаги ижобий ўзгаришлар чет эллик, шу жумладан, чехиялик ҳамкорлар учун мамлакатимизнинг жозибадорлигини оширяпти. Буни жорий йил 24-25 апрель кунлари Чехия Бош вазири бошчилигидаги делегациянинг юртимизга ташрифи доирасида эришилган келишувлар ҳам тасдиқлайди.
Учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги ишлар ҳолати ва истиқболдаги вазифалар кўриб чиқилди.
Бугун Ўзбекистонда Чехия капитали иштирокида 50 га яқин корхона фаолият юритмоқда. Саноат кооперациясини ривожлантириш мамлакатларимиз учун бирдек манфаатли бўлади.
Таъкидланганидек, жорий йилнинг январь-август ойларида ўзаро савдо ҳажми қарийб 2,5 баробар ўсди. Бунга Ўзбекистон Европа Иттифоқи Преференциялар бош тизимига (“GSP+”) қўшилгани ҳам ёрдам берди. Бироқ бу кўрсаткич мавжуд салоҳиятга мос эмаслиги, ўзаро савдодаги дисбалансни тўғрилаш бўйича фаол ишлаш зарурлиги қайд этилди. Ўзбекистон Европа Иттифоқининг юқори стандартлари ва техник регламентларига мос келадиган тайёр маҳсулотларни экспорт қилишдан манфаатдор.
Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотларининг Европа бозорларига чиқишида ягона «СЕ» (Certification Europe) белгиси билан сертификатлаш мақсадида синовдан ўтказиш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш таклиф этилди.
Учрашувда шунингдек, инвестиция, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати, транспорт, бандлик, таълим, тиббиёт, туризм каби қатор йўналишлар бўйича ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва уни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Чехия Республикасининг Брно шаҳрида ўтказилган халқаро саноат кўргазмасида Ўзбекистоннинг экспорт салоҳияти намойиш этилди.
Чехия Республикаси Бош вазири Петр Фиаланинг таклифига биноан айни пайтда ушбу мамлакатда расмий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси ҳукумати делегацияси Брно шаҳрида анъанавий тарзда 60 йилдан бери ҳар йили ўтказиб келинаётган “MSV 2023” халқаро саноат кўргазмасида иштирок этди.
Унинг расмий очилиш маросимида Бош вазир Абдулла Арипов сўзга чиқиб, мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчиликларида хорижий сармоядорлар, савдо-сотиқ ишлари, компаниялар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун қулай имкониятлар яратилгани ҳақида маълумотлар берди.
Таъкидланганидек, мамлакатлар ўзларининг турли соҳалардаги салоҳиятини намойиш этиш, хорижлик сармоядорларни миллий иқтисодиётига жалб қилиш, янги ҳамкорларни топиш ва истиқболли келишувларга эришишда мана шундай нуфузли халқаро кўргазмалар муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, ушбу кўргазмада 43 давлатдан 1 минг 260 та компания иштирок этмоқда. Ўзбекистон Республикаси делегацияси бундай йирик форматдаги кўргазмада алоҳида стенд билан илк бор қатнашаётир.
“Made in Uzbekistan” миллий стендида мамлакатимизнинг металлургия, автомобилсозлик, электротехника, кимё саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш борасидаги саноат салоҳиятидан намуналар акс эттирилган.
ЎзА