regulation.gov.uz норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида амалдаги йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарор лойиҳаси чоп этилди. Унда “Шахсий ҳаракатланиш воситалари” тушунчасига аниқлик киритиш ва транспортнинг мазкур тоифасини скутерлар билан чегаралаш таклиф этилган.
Шахсий ҳаракатланиш воситалари (ШҲВ) бу бир киши учун мўлжалланган моторли ва бир ёки бир нечта ғилдираклари бор бўлган ҳар қандай турдаги транспорт воситасидир. Уларга электр самокатлар, сегвейлар, электр скейтбордлар, унициклар, моноғилдирак ва шунга ўхшаш транспорт воситалари киради. Қонун лойиҳасида ШҲВ фойдаланувчилари пиёдаларга тенглаштирилиши, пиёдалар светафорларидаги ишораларга бўйсуниши ва велосипед йўлаклари ёки тротуарларда ҳаракатланиши лозимлиги айтиб ўтилган. Агар тротуар ёки велосипед йўлакчаси мавжуд бўлмаса, ШҲВ фойдаланувчилари йўл четида соатига 20 километр тезлик билан ҳаракатланиши мумкин. 14 ёшдан кичик шахслар ёпиқ ҳудудлардан ташқарида ШҲВда ҳаракатланишига рухсат берилмайди.
Скутерларга ички ёнув двигателининг ҳажми 25 куб сантиметрдан ортиқ ёки қуввати 0,25 дан то 4 киловатт соатгача бўлган электр моторли транспорт воситалари киради. Мазкур тоифага шунингдек белгиланган талабларга жавоб берадиган трицикллар ва квадроцикллар ҳам киритилмоқда.
Тузатишлар тасдиқланган тақдирда скутерларни давлат рўйхатидан ўтказиш лозим бўлади. Уларни бошқариш учун эса худди мотоцикл ёки мопед сингари А тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этилади.
Роман Бондарчук тайёрлади, ЎзА.