Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида таниқли тадбиркор Қутлимурат Панаев билан талаба-ёшларнинг учрашуви бўлди.
Тадбиркор мулоқот давомида талаба-ёшларга мамлакатимизда чорвачилик тармоғини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор, соҳа ходимларига яратилиб берилаётган шарт-шароит, имтиёзларга тўхталди. Ўзи раҳбарлик қилаётган “Panaev Farms” чорвачилик корхонаси фаолияти, у ерда хориждан келтирилган наслли қорамолларнинг парвариши, олинаётган маҳсулотлар ҳақида атрофлича маълумот берди.
– Бизнесда ҳам илм-фан ва меҳнат керак, – дейди Қ.Панаев. – Ҳар иккаласининг уйғунлиги ўзининг самарали натижасини беради. Шунинг учун ҳам бугунги кунда ветеринария ва чорвачилик соҳаси аввалги йиллардан тубдан фарқ қилиб, давр талаби асосида тараққий қилмоқда. Шунга яраша билимли кадрларга бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда.
Мулоқот давомида тадбиркор ўз мутахассислигини яхши ўзлаштириб келаётган талаба-ёшларга юқори маошли иш таклиф қилди. Талабалар ўзларини қизиқтирган мавзулар юзасидан тегишли маълумотларга эга бўлишди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири