Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған кеча бир кунлик ташриф билан Нахичиванда бўлди ва Озарбайжон етакчиси Илҳом Алиев билан учрашди, деб хабар берди “Анадолу” агентлиги.

Мухтор республика Олий Мажлисида аввал давлат раҳбарлари “юзма-юз” кўришган, кейин делегацияларнинг кенгайтирилган таркиби иштирокида музокара ўтказган. Президентлар “Карс – Нахчиван” темир йўли лойиҳаси бўйича Туркия ва Озарбайжон ўртасида протокол режаси”ни имзоладилар.

Туркия атроф-муҳитни ҳимоя қилиш, шаҳарсозлик ва иқлим ўзгариши вазири Меҳмет Ожасеки ва Озарбайжон шаҳарсозлик ва архитектура давлат қўмитаси раиси Анар Гулиев икки ҳукумат ўртасида Туркиянинг Қаҳрамонмараш вилоятида турар-жой, бошланғич мактаб, болалар боғчаси ва маданият маркази қурилиши бўйича ҳужжатни имзоладилар.

Икки давлат тегишли вазирликлари энергетика соҳасида мавжуд битимлар ижросини таъминлашда давом этиш мақсадини кўзлаган янги битим қабул қилган. Матбуот анжуманида Алиев Эрдоғанга Озарбайжон томонидан Қорабоғда ўтказилган аксилтеррор амалиётини қўллаб-қувватлагани учун чуқур миннатдорлик билдирди.

– Бугун Туркия – Озарбайжон муносабати шу даражага етдики, бунинг ўхшаши дунёда йўқ. Биз алоқаларни янада мустаҳкамлаймиз, “Бир миллат, икки давлат” шиори остида барча соҳаларда ҳамкорликни давом эттирамиз, – деб баёнот берди Эрдоған.

Давлат раҳбари Озарбайжон армиясини Қорабоғдаги тарихий ғалаба билан табриклаб, шундай қўшимча қилди:

– Бу ютуқ минтақавий вазиятни кенг миқёсда меъёрига келтириш учун янги имконият очади. Бундан кейин Арманистон томонидан ҳам тинчлик йўлида самимий амаллар кутишга умид туғдиради.