Қўқон шаҳрида иккинчи бор ўтказилаётган халқаро ҳунармандчилик фестивалида хорижлик ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, вилоятлар учун ажратилган павильон миллий куй-қўшиқлар ижроси билан янада файзли бўлмоқда.
– Ёғоч, қоғоз ва матолардан ясалган буюмлар, қўғирчоқ ва ўйинчоқлар, кийим-кечаклар кўзни қувнатади. Мазкур фестивалда иккинчи бор қатнашяпман. Ғозғон мармари азалдан машҳур. Уста ҳунармандлар шу мармардан идишлар ясашган. Биз ҳам бу ҳунарни ривожлантириб, замонавий дизайн ва нақшлар билан бойитишга ҳаракат қиляпмиз, – дейди навоийлик ҳунарманд уста Бахтиёр Намозов.
Ўзбекистон туманидан келган ҳунарманд Мунирахон Холиқова эса оддий қовоқдан турфа буюмлар ясайди. 2019 йилги фестивалда унинг фаолияти эътироф этилиб, ташаккурнома билан тақдирланган. – Анжумандаги бошқа ҳунармандлар фаолияти билан қизиқаман, дунёнинг турли нуқталаридан ташриф буюрган усталар ишидан илҳом оламан, – дейди Мунирахон.
Йилдан йилга фестиваль репертуари бойиб бораётгани ҳам қувонарли. Дорбозу қўғирчоқбозлар, қизиқчиларнинг чиқишлари тадбирга ўзгача кайфият бағишламоқда. Бу йил қатнашувчи хорижий мамлакатлар сони ҳам ортган.
Болқон ярим оролида жойлашган Албаниядан ташриф буюрган уста мисгар Петрит Пашоппари рангли металга Ўзбекистон герби тасвирини туширибди. Ўттиз беш йилдан буён шу ҳунари билан дунё кезиб келаётган Петрит юртимиздаги тинчлик-фаровонлик, ободлик ва одамлар кайфияти ҳақида тўлиб-тошиб сўзлайди. – Кўп давлатларга борганман. Ўзбекистонда ҳунармандлар учун яратилган шароит, имтиёзларга ҳавас қиламан. Миллий ва замонавий ҳунар турлари, ҳар бири ўз йўналишига эга усталар фаолияти эътиборимни тортди. Кўп дўстлар орттирдим, тажриба алмашдик, – дейди у.
– Фестивалга уйғун ҳолда ўтказилаётган Риштондаги халқаро кулолчилик форумига қатнашиш учун келганман. Вақтдан унумли фойдаланиб, Қўқонда фестивалнинг очилиш маросимида ҳам қатнашдим ва бундан жуда хурсандман. Ўзбекистонлик усталар ижодига сеҳрланиб қолганимни айтмоқчиман, – дейди Россиянинг Красноярск ўлкасидан ташриф буюрган кулол Надежда Посевкина.
Таъкидлаш керак, Қўқон шаҳрида иккинчи бор ўтказилаётган халқаро ҳунармандчилик фестивали тинчлик ва дўстлик, меҳр ва ҳамкорлик анжумани сифатида ҳам қадрли. Зеро, хотиржамлик ва биродарлик тансиқ тушунчалар бўлиб турган бугунги кунларда анжуманнинг қадри янада юксалади.
М.Сулаймонов, М. Қодиров(сурат),
ЎзА мухбирлари.