Кувайтнинг “Аljarida” нашри ёзишича, машҳур ҳайкалтарош-рассом Сабоҳ Асад Қўқон II ҳунармандлик фестивалида иштирок этяпти. Ҳайратланарли жойи шундаки, у анжуманда тухум қобиғидан ўймакорлик маҳорати ила яратиладиган янгича шаклдаги санъат асарлари билан қатнашмоқда.
Санъаткор фестивалда турли йўналишлар бўйича 70 давлатнинг 1200 дан зиёд вакили иштирок этаётганини тўлқинланиб гапирган.
– Тухум қобиғини ўйиб, геометрик шаклга, жаҳоннинг диққатга сазовор жойлари, кўзга кўринган, машҳур шахслар тимсолига – дурдона асарга айлантириш осон иш эмас, – дейди Сабоҳ Асад. – Бундай натижага эришиш учун кучли сабр, матонат талаб этилади. 14 йил олдин янги бадиий асарлар оламини кўздан кечира туриб, шу санъат турига қизиқиб қолганман. Асосан, туяқуш, ўрдак, ғоз, каптар, товуқ, булбул каби жониворлар, ҳатто, ҳашаротларнинг турли ўлчамдаги, 110 га яқин хилма-хил тухумдан маҳсулот тайёрлайман.
Рассом таъкидлашича, 9-10 соатли иш бир неча босқичда бажарилади: қобиқни тешишдан бошлаб, ичини бўшатиш, яхшилаб ювиш каби мушкул юмушлар. Ўймакорлик учун махсус асбоб, игналар йўқлиги боис, бир хориж сафарида 400 Кувайт динорига тенг пулга миттигина анжом ҳам сотиб олган экан.
Сабоҳ Асад тухум ўймакорлиги санъати 6000 йил олдин, Жанубий Африкадаги Дипклуф қоясида ўзига хос нақш кўринишида ўйилган туяқуш тухуми қобиғи топилган пайтдан бошланганини таъкидлайди. Ижодкор Германиядан ушбу санъат бўйича семинар ўтказиш таклифини ҳам олибди.
Муҳаррама Пирматова,
ЎзА