Қўқон бир неча кунга дунё ҳунармандлари пойтахтига айланди. Унинг Хон Ўрдаси атрофидаги майдонларида тўрт қитъа, 70 давлатдан келган 200 нафар хорижий ва 700 нафар ҳамюрт ҳунармандлар кўргазмалари очилди.
Эрон усталари каштачиликда нозик чизгилари, мустаҳкам тортими, форсий миниатура услубидаги қочиримли композициялари акс этган маҳсулотларини намойиш этишмоқда. Уста Фония эса фестиваль иштирокчи ва томошабинларига амалий ҳаракатларини ҳам кўрсатяпти.
– Мен Эрон каштачилигининг ўзига хослиги, ипак мато, ипак тола ва маҳорат уйғунлигини акс эттирмоқчи бўлдим, – дейди Фония. – Аммо Ўзбекистон, хусусан Марғилон ипакдўзлари маҳоратига тан бердим. Биз фестиваль доирасидаги мулоқотлар чоғида албатта дўстлашдик ва тажриба алмашдик. Эронга қайтгач, кўрганларимни дўстларимга фахр билан гапириб бераман.
Майдондаги Туркия, Босния ва Герцеговина, Непал, Тожикистон, Ҳиндистон каби давлатлардан келган усталар кўргазмаси ҳамиша гавжум. Айниқса Ҳиндистон ипакдўзлари ака – ука Абдужаббор ва Абдуллоҳ Хатри тўқиб гул битган матоларга қизиқиш катта бўлди.
– Пилла Оллоҳнинг неъмати ва унга ҳамиша пок қалб, пок бармоқ урулиши керак, – дейди Абдужаббор Хатри. – Мана бу матонинг ҳар бир сантиметрида 170 тагача тола бор. Унга каштачилик услубида мойчечак гулларини ўрнатдим. Шу бир кийимлик кўйлакни йигириб, пишитиб тўқиш ва гул солишга икки ой меҳнат қилдим. Бугун бу ерда кўрдимки, ипакчилик Ўзбекистонда ҳам тараққий этган экан. Бизга ҳамкорлик ўрнатиш, тажриба алмашиш имконини берган Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорчилик билдирмоқчиман.
Бугун фестиваль кўргазмалари барча учун очиб қўйилди. Фарғона ва қўшни вилоятлардан келаётган санъат ишқибозларини ҳар бир уста, унинг кўргазмасини олдида учратасиз. Улар орасида тошкентлик машур ёғоч ўймакорлиги устаси Равшан Норхўжаевни учратдик.
– Ёғоч ўймакорлиги давлатимиз раҳбарининг ҳунармандларга ғамхўрлиги туфайли қайта оммалашди. Ўзим 60 нафар ёшларга касб сирларини ўргатяпман. Фестиваль майдонларида бошқа мамлакатлар ёғоч ўймакор усталар ишини ҳам кўрдим. Бизда, Ўзбекистон ўймакорлик ғоят нафис ва жилвакор экан деб ўйлайман.
Қўқондаги II халқаро ҳунармандлар фестивали 23 сентябрга қадар давом этади ва ҳар бир юртдошимиз унинг меҳмони бўлиши мумкин.
Муаллиф: Муҳаммаджон Обидов
Тасвирчи: Элёр Олимов