Қўқон шаҳрида бўлиб ўтаётган II халқаро ҳунармандчилик фестивалида 70 дан ортиқ хорижий давлатдан ҳунармандлар иштирок этмоқда. Айни пайтда Ўрда майдонида маҳсулотлар кўргазма ва савдоси бўлиб ўтмоқда. Биз меҳмонларнинг таассуротлари билан қизиқдик.

Довуд МОЛЛАЕ, ганчкор (Эрон):

– Ўзбекистонга бир неча бор келганман. ушбу фестивалда эса биринчи бор иштирок этишим. Тадбир жуда яхши ташкиллаштирилибди. Қўқон, Бухоро, Самарқанд, Марғилон, Риштон шаҳарлари ҳақида бирмунча тасаввурга эга эдим. Бироқ бу ерга келиб, одамларнинг ўта самимий, меҳмондўстлигидан ҳайратга тушдим. Меҳнаткаш, санъатнинг қадрига етадиган ўзбек халқига меҳрим янада ортди. Юртингизда фаолият юритаётган ўймакор наққошлар, мисгар, темирчи ва ганчкорлар иқтидори таҳсинга сазовор. Қадимдан бу ернинг одамлари ҳунарга катта эътибор беришгани яққол билиниб турибди.

Магно АЛОВЕЙРА, ҳунарманд (Колумбия):

– Дарахтлардан, қамишдан буюмлар ясашга ёшлигимдан қизиқаман. Ўзбекистонлик ҳунарманд-усталар маҳсулотлари ҳам диққатимни тортди. Фестивалдан олам-олам таассурот оляпман. Бу ернинг ҳар бир ҳудуди ўзига хос анъаналарга эга, ранглар, буюмларнинг тайёрланиш жараёни турфа хил. Ҳунармандлар фаолиятига, турли ишлаб чиқариш соҳаларига ҳукумат томонидан эътибор қаратилаётгани, айниқса, қувонарли. Дунё халқларининг тили, дини, миллати ҳар хил бўлиши мумкин. Лекин инсоният тамаддунига назар солсак, барчасининг илдизи бир. Бу фестивални дўстлик, тинчлик ва санъат бирдамлиги анжумани деб аташ мумкин.

Ўзбекларнинг яшаш тарзи, кексаларга ҳурмат, одоб-ахлоқ ва қадриятлари кишини мафтун қилади. Келгусида бу фестивалга яна келиш мақсадим бор.

 

ЎзА мухбири М.Сулаймонов суҳбатлашди.