Нукусда 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан дзюдо бўйича турнир ўтказилди.
“Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил қилинган мусобақада 100 нафарга яқин ёш полвон ғолиблик учун кураш олиб борди.
Мусобақанинг очилишда таъкидланганидек, мақсад ёшлар ўртасида дзюдо спортини оммалаштириш, ёшларни спорт ва жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш, истеъдодли ёшларни кашф этишдир.
Мусобақа давомида ёш спортчилар ўзларининг маҳоратини ҳар томонлама намойиш этиб, олқишга сазовор бўлди. Улардан Рамазан Бегайдаров, Достон Жумамуратов, Ерназар ва Нурбек Саекеев, Аҳмед Сабуров, Дилмурод Алламуратов, Иброҳим Аҳметов, Жанатбек Ауданбаев, Атабек Жумабаев ўз вазн тоифаларида фахрли биринчи ўринни эгаллади.
Қизғин курашларга бой ўтган мусобақа сўнггида беллашув ғолиблари Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари.