Қўқон темир йўл вокзалида иккинчи бор ўтказилаётган халқаро ҳунармандчилик фестивали ва Риштон туманидаги халқаро кулолчилик форумининг иштирокчилари тантанали кутиб олинди.

Фестивалда 70 дан ортиқ мамлакатдан устазода ҳунармандлар, халқ амалий санъати усталари, мутахассислар, соҳа олимлари, фахрий меҳмонлар, маданият ва санъат намояндалари иштирок этиши кутилмоқда. Шу билан биргаликда юртимизнинг барча ҳудудларидан мингга яқин ҳунармандлар қатнашиб, маҳсулотларини намойиш этади.

– Ҳар бир давлатнинг миллий ҳунармандчилиги ўзига хос, – дейди Хироки Асакура (Япония). – Мен Ўзбекистоннинг ҳунармандчилиги билан яхши танишман. Айниқса, Қўқон ва Риштон бу борада катта мактабга эга. Албатта, фестиваль барчамиз учун маҳорат сабоқлари бўлишига ишонаман.

Фестиваль доирасида бир қатор тадбирлар, иштирокчиларнинг тантанали юришлари, маҳаллий ва хорижий ҳунармандларнинг маҳсулотлари кўргазма-савдоси, “Анъанавий бадиий ҳунармандчиликни сақлаш ва ривожлантириш соҳасида жаҳон амалиёти” мавзусида илмий конференция, халқаро ва ўзбекистонлик ҳунарманд-дизайнерлар иштирокидаги модалар намойиши, халқ сайллари, “Ўзбекистон ҳунармандчилиги” китоб-альбоми тақдимоти, халқаро ҳунармандчилик музейи очилиши ва Фарғонанинг маданий-кўнгилочар жойлари ва туристик маршрутлари бўйлаб саёҳат ўтказилади.

Халқаро ҳунармандчилик фестивали низомига асосан фестиваль доирасида маҳаллий ва хорижий ҳунармандлар ўртасида кўрик-танлов бўлиб ўтади. Кўрик-танлов иштирокчилари бўлган ҳунармандларнинг маҳоратларини етти кишидан иборат таркибда халқаро ҳайъат баҳолаб боради. Халқаро ҳайъат таркибига юқори малакали мутахассислар, таниқли санъат ва маданият арбоблари, олимлар, тадқиқотчилар, амалиётчилар, шунингдек, иштирокчи давлатлардан тегишли соҳалар намояндалари киритилган.

Халқаро ҳайъат кўрик-танлов иштирокчиларининг маҳсулотлари кўргазмаси ва маҳорат дарсларини 5 та номинация – “Энг яхши ҳунарманд” (1 ўрин 7 000, 2 ўрин 5 000, 3 ўрин 3 000 АҚШ доллари), “Энг ёш ҳунарманд” (5 нафар ҳунармандга 2000 АҚШ доллари), “Энг яхши ҳунармандчилик мактаби устаси” (1 ўрин 5000, 2-ўрин 3000, 3-ўрин 2000 АҚШ доллари), “Қадимий сулола давомчиси” (2 ҳунармандга 2500 АҚШ доллари) ва “Қадимий ҳунармандчилик турини тиклаган ҳунарманд” (2 нафар ҳунармандга 2 500 АҚШ доллари) каби номинациялар бўйича баҳолайди ҳамда ғолиблар махсус диплом ва пул мукофоти билан тақдирланади.

М.Сулаймонов, 

М.Қодиров олган сурат