Нукусда “Кураш – миллий ғуруримиз” шиори остида эркаклар ва аёллар ўртасида республика турнири, “Қорақалпоғистон Республикаси прокурори кубоги” очиқ мутлақ биринчилиги, “Kurash party” шоу дастури бўлиб ўтди.

Мусобақанинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси прокурори ўринбосари Б.Науризбаев, Қорақалпоғистон Республикаси ёшлар сиёсати ва спорт вазири А.Алланазаров сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда спортни, шу жумладан, миллий курашни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапирди.

Бундай тадбирлар буюк аждодларимиздан мерос қолган кураш спортининг бой анъаналари ва қадриятларини келажак авлодларга етказиш, ўзбек спорти бренди номи билан курашнинг жаҳон аренасидаги ролини ошириш, ёшларнинг миллий спортга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш орқали уларда ватанпарварлик туйғусини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Ҳудудлардаги ёшларни спортга жалб этиш, уларни соғлом турмуш тарзига мослаштириш мақсадида ташкил этилган мусобақада эркаклар 66, 73, 81, 90 ҳамда мутлақ вазн тоифаларида куч синашган бўлса, аёллар 63, 70, +70 кг вазн тоифаларида беллашди.

Мусобақа якунида аёллар ўртасида 63 кг  вазн тоифасида Нукус шаҳридан Асал Джалғасбаева, 70 кг вазн тоифасида Азада Медетбаева, +70 кг вазн тоифасида Қундиз Байманова, эркаклар ўртасида 66 кг вазн тоифасида Шимолий-ғарбий ҳарбий округидан Тўра  Чориев, 73 кг вазн тоифасида Қўнғирот туманидан Ўткирбек Уразғалиев, 81 кг вазн тоифасида Амударё туманидан Санжарбек Шеримбетов, 90 кг вазн тоифасида Қўнғирот туманидан Эргаш Айтбаев шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.

Мутлақ  вазн тоифасида фахрли биринчи ўринни Нукус шаҳридан Ерназар Сарсенбаев, иккинчи ўринни Нукус туманидан  Заҳиратдин Зайтов, учинчи ўринни Амударё туманидан Руфат Кудаков ҳамда Шуманай туманидан Мирбек Абдикаликов қўлга киритди.

“Kurash party” шоу дастури доирасида мусобақа жараёнини ҳамда миллий курашимизни  ўз асарларида акс эттирган рассомлар ташкилотчилар томонидан тақдирланди. Санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди. Ғолибларига диплом ва медаллар, қимматбаҳо совғалар, пул мукофотлари топширилди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари