Пойтахтимизда енгил атлетика бўйича Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Геннадий Арзуманов хотирасига бағишланган халқаро турнир якунланди.

Мусобақанинг лангар чўпга таяниб сакраш баҳсида Жасмина Мансурова 3,50 баландликни забт этиб, олтин медални қўлга киритди. Дилшода Усмонова 3000 метрга тўсиқлар оша югуришда қизлар ўртасида биринчи бўлиб маррага етиб келди. Эркаклар ўртасида ушбу масофада Воҳид Искандеров ғолиб бўлди.

400 метрга тўсиқлар оша югуришда аёллар ўртасида Нурхон Очилова, эркаклар ўртасида Дилшодбек Бобоқулов олтин медаль соҳибига айланди.

Босқон улоқтиришда Зарина Носиржонова, баландликка сакрашда Светлана Радзивилга тенг келадигани топилмади. Уч ҳатлаб сакрашда Иван Денисов 16,39 натижа билан ғолиб чиқди. Аёллар ўртасида эса иқтидорли спортчимиз Шарифа Давронова шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.

 

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА мухбири