Шу кунларда Сербия пойтахти Белградда академик эшкак эшиш бўйича давом этаётган жаҳон чемпионатида мамлакатимиз вакиллари ҳам ўз омадларини синаб кўрмоқда.

Кеча, 6 сентябрь куни чемпионатнинг бир қатор йўналишларида чорак финал баҳслари бўлиб ўтди. Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Шаҳзод Нурматов ва Собир Сафаралиев енгил вазнли спортчиларнинг жуфтлик баҳсида иштирок этган бўлса, терма жамоамизнинг россиялик легионери Анна Пракатен яккалик дастурида стартга чиқди.

Токио Олимпиадасининг кумуш медаль совриндори Анна Пракатен яккалик баҳсларнинг чорак финалидаги шиддатли пойгада маррага тўртинчи бўлиб етиб келди.

Мазкур чемпионатда шунингдек, мамлакатимизнинг 9 нафар матонатли пара академик эшкак эшувчилари ҳам иштирок этмоқда.

“Париж-2024” ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тўғридан-тўғри йўлланма тақдим этадиган мазкур дунё биринчилигида 74 та давлат спортчилари қатнашмоқда.

Бугун, 7 сентябрь куни ўтказиладиган баҳсларда чемпионат дастурига биноан пара академик эшкак эшувчиларнинг ПР1 эркаклар ўртасидаги яккалик баҳслари ташкил этилади. Унда терма жамоамиз аъзоларидан Холмурод Эгамбердиев жаҳон чемпионатининг совринли ўринлари ҳамда “Париж-2024” Олимпиадаси йўлланмаси учун стартга чиқади.

Мусобақалар 10 сентябрга қадар давом этади.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА