Пойтахтимизда енгил атлетика бўйича Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Г.Г.Арзуманов хотирасига бағишланган V халқаро турнир ўтказилмоқда.
Ушбу мусобақа Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда мамлакатимиз енгил атлетика федерацияси томонидан ташкил этилди. Унда ҳамюртларимиздан ташқари Баҳрайн, Қирғизистон, Тожикистон каби давлатлардан келган атлетлар ғолиблик учун курашмоқда.
Халқаро турнирнинг биринчи кунида найза улоқтириш баҳсида ҳамюртларимиздан Мадина Насреддинова, Маҳлиё Тожалиева ҳамда Наргиза Қўчқорова шоҳсупага кўтарилди. Ушбу йўналишнинг эркаклар ўртасидаги беллашувларида олтин медаль тожикистонлик Зикрулло Тўрахоновга насиб этган бўлса, кумуш ва бронза медалларни Улуғбек Эгамбердиев ҳамда Ҳумоюн Аббосхонов қўлга киритди.
Диск улоқтириш бўйича хотин-қизлар баҳсида тожикистонлик Муштари Бобогулова биринчи поғонадан жой эгаллади. Юлианна Шукина ва Динара Орипова эса терма жамоамиз ҳисобига кумуш ҳамда бронза медалларини келтирди. Эркаклар ўртасида Абдуазим Раҳматуллаев, Рашид Содиқов ва Дунёзод Сайфуллоев рақибларига имкон қолдирмади.
Узунликка сакрашда ҳамюртларимиз Милана Постнова ҳамда Беҳрузбек Тешаев шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой эгаллаган бўлса, баландликка сакрашда эркаклар ўртасида Амир Нагаев терма жамоамиз захирасига навбатдаги олтин медални қўшиб қўйди.
Эркаклар ўртасида 1500 ва аёллар орасида 400 метрга югуриш баҳсларида Дилшод Ғофуржонов ва Вероника Логинова марра чизиғини биринчи бўлиб босиб ўтди.
Мусобақа давом этмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА мухбири