Миллий қадриятларни улуғлаш, ота-боболаримиздан мерос анъаналарни асраб-авайлаш орқали уларнинг барҳаётлигини таъминлаш борасида юртимизда беқиёс ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 26 майдаги “Этноспорт турларини оммалаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши эса бу жабҳадаги саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқди.

Хусусан, жорий йилнинг 7-10 сентябрь кунлари Хива шаҳридаги “Ичан Қалъа” мажмуасида илк маротаба халқаро Этноспорт фестивалининг ташкил этилаётганлиги бебаҳо хазинамиз бўлган миллий ўйинларнинг яшовчанлигини таъминлашда, умумжаҳон қадриятига айлантиришда муҳим омил бўлишига қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Хўш, яна бир неча кундан сўнг бошланадиган халқаро Этноспорт фестивали қай тартибда ўтказилади? Унда қайси миллий ўйинларимиз намойиш этилади? Қайси спорт йўналишларида мусобақалар, чемпионатлар ташкил этилади? Дунёнинг қанча давлат вакиллари ушбу қадриятлар тантанасида иштирок этади?

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги етакчи мутахассиси Фахриддин Абдукаримовнинг билдиришича, фестивалда 63 та давлатдан 1884 нафар, шундан 928 нафар хорижий, 956 нафар маҳаллий меҳмонларнинг иштироки кутилмоқда.

Тадбирлар давомида Бутунжаҳон Этноспорт конфедерацияси билан ҳамкорликда этноспорт турларини ривожлантириш ва янада оммалаштириш бўйича форум, юртимиз ҳудудларидан келган моҳир ошпазлар иштирокида палов тайёрлаш мусобақаси, қовун сайли, халқимизнинг миллий маданияти ва урф-одатларини намоён қилувчи ҳунармандчилик маҳсулотлари ҳамда санъат асарлари кўргазмаси тадбирлари уюштирилади.

Фестивалнинг яна бир ўзига хос жиҳати, унинг доирасида 3 та спорт йўналишида жаҳон чемпионатлари бўлиб ўтиши борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, ўсмирлар, ёшлар, катталар ва фахрийлар ўртасида баҳодирлар ўйини ва тош кўтариш бўйича ўтадиган жаҳон чемпионати 27 та давлат вакилларини жамласа, ўзбек жанг санъати бўйича ўтадиган дунё биринчилигида 16 давлат спортчилари азалий қадриятларимиздан жилоланган жанг санъати турларида баҳслашади.

Катталар ва ёшлар ўртасида мас-рестлинг йўналишидаги жаҳон чемпионатида 22 та давлат вакиллари куч синашса, белбоғли курашда кечадиган халқаро турнирда 9 та мамлакат полвонлари беллашади. Бундан ташқари, фестиваль доирасида миллий қадрияқтимизнинг гултожи бўлган кураш, турон, Бел олиш ва уч кураш, От спорти турлари, камондан отиш йўналишлардаги кўргазмали чиқишлар намойиш этиладики, бу, минг йиллик қадриятларимиз қадр топаётганлигини, юксалаётганлиги, Янги Ўзбекистоннинг янги ғалабалари сари ташланаётган муҳим қадам, қутлуғ манзиллар сари юзланган ёруғ ва нурли чеҳраси бўлиб жаҳон ҳамжамиятига юзланаётганлигидан далолатдир.

Фестивалда шу билан бирга 12 та миллий халқ ўйинларида ўтказиладиган тадбирлар кўпга манзур бўлиши шубҳасиз. Ўз қишлоғи, маҳалласи, гузари ёшларининг севимли ўйини бўлган ким оладия, елкада кураш, чиллак, минди, хўрозлар жанги, қармоқча, оқ теракми – кўк терак, тўптош, ўртага туриш, ҳайкал, хамир патир, ланка бўйича кўргазмали ўйинлар энди “девор оша” дунё дурдонасига айланиши, юзланиши, бошқа халқлар, давлатларнинг ёшларига ҳам ўз сеҳрини тортиқ этса не тонг.

 

Т.Рўзиев. ЎзА