Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 32 йиллиги олдидан Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл тумани болалар-ўсмирлар спорт мактабида нуронийлар ўртасида спорт мусобақалари бўлиб ўтди.
Президентимизнинг 2023 йил 11 мартдаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қароридан келиб чиққан ҳолда маҳаллаларда нуронийлар ўртасида спорт турларини ривожлантириш ва оммалаштириш, улар орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
“Нуроний” жамғармаси ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлимлари томонидан, туман болалар-ўсмирлар спорт мактаби билан ҳамкорликда ташкил этилган мусобақани ўтказишдан мақсад нуронийларни спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб қилиш, уларнинг ибратли ҳаёт йўлини ёшларга ўрнак қилиб кўрсатишдан иборат.
“Маҳалламиз спортчи нуронийлари” шиори остида ташкил этилган тадбир иштирокчилари пиёда юриш, шахмат-шашка, стол тенниси бўйича баҳслашди.
Ғолиб нуронийлар “Нуроний” жамғармаси Тўрткўл тумани бўлимининг фахрий ёрлиқ ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Тўрткўл тумани бўлимининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири