Бугун Ёшлар ишлари агентлигининг анжуманлар залида “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий кўрик танловининг республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Кинематография агентлиги, Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси, Республика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси, Бадиий академия, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда шоир ва ёзувчилар, маданият ва санъат намоёндалари, таниқли зиёлилар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Маросим аввалида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов сўзга чиқиб, йиғилганларни энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 32 йиллик байрами билан қутлаб, мамлакатимизда самарали ижод қилаётган журналистларни моддий-маънавий жиҳатдан рағбатлантиришда бугунги кўрик танловнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.
– Айтиш жоиз, сўнгги йилларда Президентимиз раҳбарлигида оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада такомиллаштириш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар изчил, замонга ҳамоҳанг тарзда давом эттирилаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз, –деди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов. –Жорий йилдан “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танлов ғолиб ва совриндорларига бериладиган пул мукофоти сезиларли равишда оширилгани, “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий танловини ҳар йилгидан юқори даражада ўтказиш учун барча зарур шарт-шароитлар яратиб берилаётгани соҳамизга, ижодкорларга қаратилаётган алоҳида эътиборнинг ёрқин намунаси дейиш мумкин.
Бу йилги танловда ижодий ишлар 7 та номинация бўйича ўтказилди. “Босма ОАВ ходимларининг энг яхши журналистик ишлари”, “ТВ ва радио ижодкорларининг энг яхши материаллари”, “Интернет журналистикаси”, “Публицистик жанрдаги энг яхши китоб учун”, “Ёзувчи ва шоирларнинг энг яхши бадиий асарлари”, “Тасвирий санъат, фото ва дизайн ишлари”, “Кино санъати асарлари” номинациялари шулар жумласидан. Эътиборли жиҳати, бу йилги танловнинг “Интернет журналистикаси” номинацияси бўйича Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Президент “POOL” маркази бошлиғи Зиёдулла Жонибеков биринчи ўринга лойиқ деб топилди.
Яна бир муҳим жиҳат: ушбу номинациялар бўйича жами 345 нафар иштирокчиларнинг 1 минг 700 га яқин ижодий ишлари ҳакамлар ҳайъатига баҳолаш учун тақдим этилган. Юборилган материаллар шаклан ва мазмунан ранг-баранг бўлиб, уларда ислоҳотлар самараси, ҳудудлардаги янгиланишлар, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, “инсон қадри учун” деган ғоянинг ҳаётий ифодаси аниқ мисоллар асосида очиб беришга ҳаракат қилинган. Шунингдек, бугуннинг долзарб масаласига айланган, барчани бирдек мушоҳадага чорлайдиган, инсоннинг ҳуқуқ ва манфаатларини улуғлашга хизмат қиладиган муҳим мавзулар таъсирчан тарзда ёритилганини алоҳида қайд этиш керак.
Самимий руҳда кечган тадбирда санъаткорлар томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар барчага байрамона кайфият улашди.
Ўткир Алимов, Дониёр Ёқубов (видео), ЎзА