Муносабат

Аҳолимизнинг бахтли ва фаровон ҳаёт кечиришида уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш билан биргаликда, саломатлигини асраш, бунда сифатли тиббиёт хизматдан фойдаланиш имкониятини яратиб бериш муҳим саналади.

Шу боис сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш тизимининг барча йўналишларида бўлгани каби фуқароларга кўрсатилаётган нейрохирургия хизматини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, нейрохирургия йўналишида норматив-ҳуқуқий база ва унинг тузилмаси янада такомиллаштирилиб, жаҳон стандартлари талабларини ҳисобга олган ҳолда нейрохирургик касалликлар профилактикаси, диагностикаси ва уларни даволашнинг замонавий усуллари амалиётга кенг жорий қилиб келинмоқда.

Шунингдек, давлат томонидан нейрохирургия йўналиши бўйича ёш мутахассисларни хорижда малака ошириши фаол қўллаб-қувватланмоқда. Бу эса ёш шифокорларга замонавий билим ва кўникмаларига эга бўлиб, кейинчалик олган тажрибаларини Ўзбекистон тиббиётига татбиқ қилиш имконини беради. Албатта, ислоҳотлар қисқа вақт ичида ўз самарасини кўрсатмоқда. Жумладан, охирги 6 йил ичида ўтказилаётган юқори технологик жарроҳлик амалиётлари сони авваллари йилига 10 000 тага етмаган бўлса, 2022 йилга келиб ушбу кўрсаткич 12 мингтадан ортиқни ташкил қилди.

Хусусан, 9 та янги жарроҳлик амалиётлари ўзлаштирилди. Шу жумладан, эпилепция, бош мия фалажи, инсультнинг олдини олиш ва ўткир даврида даволаш, болаларда ретинобластома каби онкологик касалликда қон томир орқали химиотерапия ўтказиш, бош мия ўсмаларида беморларнинг уйғоқ ҳолида ва бошқа ҳолатда жарроҳлик амалиётларини ўтказиш йўлга қўйилди.

100 нафардан ортиқ хорижнинг етакчи нейрохирург-шифокорлари иштирокида Ўзбекистонда маҳорат дарслари ташкил этилди. 108 нафардан ортиқ мутахассис ўз иш жойларида, 20 нафар мутахассис марказда, 15 нафар мутахассис хорижда юқори технологик амалиётлар учун қайта тайёрланди.

Теле-тиббиёт орқали ҳудудларда ҳар йили 30 га яқин масофавий тиббий маслаҳатлар ташкил қилиниб, беморларга яшаш жойида даволаниш имконияти яратиб келмоқда. Бу йўналишда тиббий буюмлар ва дори воситалари билан таъминлаш кўрсаткичи 99 фоизга етказилди.

Ушбу ўзгаришлар республиканинг барча ҳудудларини юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, нейрохирург шифокорлар мактабини шакллантириш ва ривожлантириш, нейрохирургик касалликлар профилактикаси, диагностикаси ва уларни даволаш соҳасида илмий тадқиқотлар доирасини кенгайтириш имконини берди.

Натижада илгари фақат республика марказида бажариладиган жарроҳлик ва даволаш амалиётларининг қарийб 40 фоизи ҳудудларда амалга оширилишига эришилди. Нейрохирургия хизматининг кўлами ва ҳажми, тиббий хизмат сифати вилоятларда ортиб бораётганлиги юзлаб аҳоли учун қўшимча имконият эшикларини очиб бермоқда.

Яъни энди беморлар хорижга даволаниш учун чиқмасдан, республикамизнинг олис ҳудудларидан пойтахтга келиб, узундан-узун навбатларда турмасдан, ҳам вақтини, ҳам иқтисодий имкониятини тежаган ҳолда ўз ҳудудида ушбу хизматдан фойдаланиш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, ҳудудларда яратиб берилган замонавий диагностика имкониятлари сабаб касалликни барвақт аниқлаш ва ўз вақтида ножўя таъсирининг олдини олиш имконияти яратилди.

Хулоса қилиб айтганда, соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантиришга қаратилган ушбу чора-тадбирларининг барчаси беморларга муваффақиятли даволаниш ва ўз соғлигини тиклаш имконини яратиб бермоқда.

Мавлуда Адҳамжонова,  

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.  

ЎзА