Хорватиянинг Загреб шаҳрида дзюдо бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионати якунланди.
Унда 6 та бронза медалини қўлга киритган терма жамоамиз аъзолари Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.
64 мамлакатдан 576 нафар спортчи иштирок этган нуфузли мусобақада Тоҳир Файзиев мураббийлигидаги ўсмир дзюдочиларимиздан Иноят Телманов, Азамат Аблакулов, Ҳакимжон Маҳкамов, Лазиза Ҳайдарова, Нигина Сапарбоева ва Муштарийбегим Афзалова шиддатли беллашувлар олиб борди. Натижада улар ўз вазн тоифалари бўйича совринли ўринларни эгаллади.
– Мазкур мусобақа кўплаб спортчиларимиз фаолиятидаги илк жаҳон чемпионати бўлди, – дейди мураббий Т. Файзиев. – 6 та бронза медали юртимиз дзюдоси учун катта ютуқ эмасдек туюлиши мумкин. Аммо, 60 дан зиёд давлатнинг 500 нафарга яқин спортчиси совринсиз қолганини эътиборга олсак, ёшларимизнинг ғалабалари муносиб натижа экани англашилади.
Бу медаллар мамлакатимиз Мутақиллигининг 32 йиллик тўйига терма жамоамизнинг муносиб совғаси бўлди.
Жаҳон чемпионатидан медаллар шодаси билан қайтган истеъдодли спортчилармиимизни кутиб олиш маросимида Ўзбекистон дзюдо федерацияси вакиллари, спортчиларнинг яқинлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Т. Рўзиев. ЎзА