Тошкентдаги Инҳа университетида “Логистика – ривожланиш йўлидаги янги марра” мавзуида форум ўтказилди. Унда Корея Республикасининг логистика соҳасидаги етакчи мутахассислари чиқиш қилди.
Форум ишида Корея Республикасидаги Инҳа университети вице-президенти Чеонг Инкё раҳбарлигидаги делегация, мамлакатимиздаги вазирлик ва идоралар, компания ва корхоналар мутахассислари, пойтахтимиздаги олий ўқув юртлари талабалари иштирок этди.
Тошкентдаги Инҳа университети ректори Сарвар Бобохўжаев 2016 йилда мазкур таълим даргоҳида жанубий кореялик ҳамкорларнинг ўқув дастури асосида ушбу йўналишдаги мутахассисларни тайёрлаш ишлари бошлаб юборилганини таъкидлади. Форум давлат органлари ва хусусий компаниялар эътиборини мазкур секторни ривожлантиришга қаратиш имконини беради.
Бу мамлакатимиз учун, айниқса, аҳамиятлидир. Чунки, Ўзбекистон дунё уммонига чиқиш имконига эга эмас. Шу сабабли ҳам юртимизда иқтисодий ўсиш ва жаҳон бозорида рақобатбардошликни таъминлаш учун самарали логистика тизимини ташкиллаштириш зарур. Бу экспорт-импорт операциялари ҳаражатларини камайтириш имконини беради. Сўнгги йилларда ҳукуматимиз раҳбарияти иқтисодий, шу жумладан, ташқи савдо бўйича ҳам фаол ислоҳотларни амалга ошираётган бўлса-да, логистика соҳасида юқори малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёж жуда катта.
Форум доирасида логистика соҳасини ўрганаётган мамлакатимиз мутахассислари ва талабалари ушбу тармоқдаги сўнгги трендлар билан танишиш, юкларни ташишда илмий ёндашувни жорий этишнинг афзалликларини кўриб чиқиш имконига эга бўлди. Кореялик профессорлар океанга чиқиш имкони йўқлигига қарамай, барқарор ривожланган иқтисодиётни барпо этишга эриша олган мамлакатлар тажрибасини намойиш этди.
Бундан ташқари, йирик хорижий компаниялар томонидан қўлланиладиган логистика тамойиллари ҳам кўриб чиқилди. Шунингдек, авиация соҳасини ривожлантиришнинг иқтисодий ўсиш суръатларига таъсири масаласи муҳокама қилинди.
Форум якунида хорижий мутахассислар Корея Республикасида логистика хабини яратиш ва бу борада мутахассислар тайёрлаш бўйича фикрлари билан ўртоқлашди.